6 октярбь куни Кремлда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Россия президенти Владимир Путиннинг тор доирадаги учрашуви бўлиб ўтди, дея хабар қилди давлат раҳбари матбуот хизмати.

Учрашув аввалида Шавкат Мирзиёев Владимир Путинга ҳар доимгидек самимий қабул ва меҳмондўстлик учун миннатдорлик билдириб, мамлакатлар ўртасидаги стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларининг бугунги ҳолатини юксак баҳолади.

«Биз бунга узоқ вақт ва жуда жиддий тайёргарлик кўрдик, кўп маротаба телефон орқали суҳбатлар ўтказдик. Яъни, ушбу ташрифга тайёргарлик кўриш учун жуда жиддий асос яратилган. Шунингдек, муносабатларимиз мутлақо янги босқичга кўтарилганини айтмоқчиман. Самарқандда биз ҳар томонлама стратегик шериклик ва иттифоқчилик декларациясини имзоладик. Биз иттифоқчилармиз ва аслида кенг қамровли стратегик шериклик давом этмоқда: ҳар томонлама, барча соҳаларда тараққиёт бор, реал натижа бор», — деди у (Кремль сайтидан иқтибос, видео).

владимир путин, россия, шавкат мирзиёев

Фото: Ўзбекистон президенти матбуот хизмати.

Ўзбекистон президенти йил охиригача Россия билан товар айирбошлаш ҳажми 12 млрд АҚШ долларини ташкил этиши кераклигини, агар ўсиш суръати 20 фоизда сақланиб қолса, икки-уч йилдан кейин келишиб олинган 20 млрд долларга эришилишини маълум қилди.

Шавкат Мирзиёев ташриф олдидан ҳукумат раҳбарлари даражасидаги қўшма комиссиянинг тўртинчи йиғилиши, тиббиёт форуми, ректорлар ва ҳудудлар форумлари ўтказилганини ҳам таъкидлади.

«Кеча Қозон шаҳрида бўлиб ўтган минтақавий форум: Россия ва Ўзбекистондан 3000 га яқин иштирокчи. Биринчи марта биздан ҳокимлар, яъни вилоят раҳбарлари даражасида 14 та вилоятнинг барчаси иштирок этди. Кеча эса ҳукуматлараро комиссия ҳамраислари [бош вазир ўринбосарлари Жамшид Хўжаев ва Денис Мантуров] батафсил маълумот беришди: бу жуда жиддий натижа», — деди у.

«Мен жуда мамнунман, минтақавий шерикларимизнинг ҳамкорликка бўлган шайлиги жуда жиддий, у жиддий истиқболга эга. Биз сиз билан ҳар доим: уларга аралашишнинг ҳожати йўқ, фақат ёрдам бериш керак, натижа жиддий бўлади, деймиз», — деди Ўзбекистон президенти.

владимир путин, россия, шавкат мирзиёев

4 октябрь куни Қозон шаҳрида ўтган учинчи Ҳудудлараро ҳамкорлик форуми якунида 3,5 млрд долларлик битим ва шартномалар имзоланди. Ҳудудлар кесимида саноат кооперацияси бўйича йил бўйи ўзаро ташрифлар режа-жадвалини ўз ичига олган «йўл харитаси»ни тайёрлаш юзасидан келишувга эришилди.

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда Россиянинг 15- ОТМ филиали — Н.И.Пирогов номидаги Россия миллий тадқиқот тиббиёт университети филиали келаси йилдан иш бошлашини таъкидлади.

Учрашув чоғида Россияда меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон фуқаролари учун ижтимоий кафолатларни таъминлаш масалалари ҳам батафсил кўриб чиқилди.

Бир кун аввал Бутунроссия кўргазма марказида Ўзбекистоннинг янгиланган павильони очилди.

Президентлар тадбирларга бой ва серқирра маданий-гуманитар ҳамкорликни юқори баҳоладилар. Муҳим маданий воқеалар: Москвада «Лазги» миллий балети премьераси, Ўзбекистон маданияти кунлари, мамлакатимизда эса «Россия фасллари» лойиҳаси доирасидаги тадбирлар бўлиб ўтди.

«Фурсатдан фойдаланиб, гуманитар соҳа ҳақида ҳам айтишни хоҳлардим: Миллий балетимиз илк маротаба Катта театр саҳнасида. Россиянинг бундай вакиллик раҳбариятини ташкил қилганингиз ва унда иштирок этганингиз учун сизга миннатдорчилик билдираман. Биласизми, бир ҳафта давомида шов-шув кўтарган бўлсак керак: одамлар хурсанд бўлишди, кўришди, чунки „Лазги“ биринчи марта бу саҳнага чиқди, бу бизнинг миллий ғуруримиз. Ва бу ғурур россиялик томошабинлар буни жуда жиддий қабул қилганларида ҳам намоён этмоқда. Бунинг учун жуда миннатдорман», — деди Шавкат Мирзиёев.

Президентлар 2024−2025 йилларга мўлжалланган Маданий ҳамкорлик дастурини қабул қилишга келишиб олдилар.

Фото: kremlin.ruФото: kremlin.ru

Ўзбекистон раҳбари мамлакатлар ўртасида «ҳал этилмаган бирорта ҳам масала йўқ, биз барча келишувларимизни ҳал қиляпмиз», деди. «Барча плюслар ва минуслар ҳақида айтишди, бироқ бизда ҳеч қандай минуслар йўқ — фақат [плюслар]. Шунинг учун сизга яна бир бор миннатдорчилик билдираман», — деди у.

Россия президенти Владимир Путин мамлакатлар халқаро майдонда, биринчи навбатда, БМТ, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, МДҲ каби платформаларда фаол ҳамкорлик қилаётганини таъкидлади.

«Тез орада биз сизни Қирғизистонда бўлиб ўтадиган МДҲ саммитида яна кўрамиз. Бошқа, ўта нозик соҳаларда ҳам ўзаро алоқаларимиз бор, бу ҳақда тор таркибда батафсил суҳбатлашамиз», — деди РФ раҳбари.

Шавкат Мирзиёев 5 октябрь куни расмий ташриф билан Россияга келди. Дастлаб у Қозонга ташриф буюрди. Бунгача Ўзбекистон Президенти Россия ҳукумати раҳбари Михаил Мишустин билан музокаралар ўтказди.