8 май куни Ўзбекистон енгил атлетика федерациясининг ҳисобот-сайлов конференциясида федерацияга янги раҳбар сайланди, деб хабар қилди Миллий олимпия қўмитаси матбуот хизмати.

Дастлаб, федерация раиси лавозимида ишлаб келган Меҳриддин Абдуллаевнинг ўз хоҳишига кўра лавозимини тарк этиши ҳақида ёзган аризаси иштирокчилар томонидан маъқулланди. Эслатиб ўтамиз, у 2020 йил январидан 2023 йил мартигача «Ўзбекнефтгаз» компаниясини ҳам бошқарган, шундан сўнг Ҳисоб палатаси раиси ўринбосари этиб тайинланган.

Ташкилот ижроия қўмита тавсиясига биноан федерация раҳбарлигига «Ўзбекнефтгаз» акциядорлик жамияти бошқарув раиси Баҳодир Сидиқов Баҳромович номзоди илгари сурилди.

МОҚ бош котиби Ойбек Қосимов номзод ҳақида ўз фикрларини билдирар экан, Баҳодир Сидиқовнинг «спортсевар инсон сифатида яхши ном қозонгани ва оммавий спорт ва соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш масаласида жонбозлик кўрсатиб келаётганини» таъкидлади. «Келгусида енгил атлетика ривожини янги босқичга кўтара олишига шубҳа қилмаслигини» билдирди.

баҳодир сидиқов, енгил атлетика федерацияси, меҳриддин абдуллаев, “ўзбекнефтгаз”

«Делегатлар номзодни бир овоздан маъқуллашди ва Баҳодир Сидиқов Ўзбекистон енгил атлетика федерациясининг янги раиси этиб сайланди», — дейилади хабарда.

Баҳодир Сидиқов билдирилган ишончни оқлашга, яқинлашиб келаётган Париж-2024 ёзги Олимпия ўйинларида терма жамоа атлетларининг муносиб тайёргарлик кўриши ва иштирок этиши учун бор куч-ғайратини ишга солишга ваъда берди. Конференцияда терма жамоанинг Олимпиадага тайёргарлиги ҳам муҳокама қилинди.