10 май куни Шавкат Мирзиёев раислигида ўтган йиғилишда барча жойларда «Сайхунобод тажрибаси»ни жадаллаштириш муҳокама қилинди. Бу ҳақда президент матбуот котиби Шерзод Асадов хабар берди.

«Бу борада бошланган ишлар натижасида апрель ойини ўзида 365 минг аҳоли бандлиги таъминланди ва тадбиркорликка жалб қилинди. Банклар ўз мижозларининг муаммоларини ҳал қилиб, 115 минг аҳолига ишли бўлишга кўмаклашди», — дейилади хабарда.

Қайд этилишича, маҳаллаларда 70 мингта микролойиҳа амалга оширилди, 465 минг гектар томорқа ерларига экин экилди.

Давлати раҳбари, ўз навбатида, «Сайхунобод тажрибаси» доирасидаги ишлар ҳамма ҳудудларда ҳам бирдек ташкил қилинмаётганини кўрсатиб ўтди. 7 та туман ўрганилганда 17 та маҳаллада ишлар сустлиги аниқланган.

Шунингдек, ишга тушгани айтилган мингдан зиёд хонадондаги микролойиҳалар жойида ўрганилганда 76 таси ёки 7 фоизи ўз тасдиғини топмаган.

Шу боис сусткашликка йўл қўйгани учун туман даражасидаги 382 нафар масъуллар ишдан олинган.

«Сайхунобод тажрибаси» нима ўзи?

14 март куни Сирдарёда ўтган йиғилишда президент мазкур тажриба бутун республикада оммалаштирилишини айтганди. Унга кўра, Сайхунободда илк бор янги тажриба: маҳаллаларнинг ҳар бирига биттадан мини трактор, 4 тадан мотокультиватор олиб берилган. Ҳоким ёрдамчилари «1 сотих томорқадан камида 1−2 миллион сўм даромад» деган мезон асосида аҳоли учун бизнес режа ишлаб чиқади, агрономлар билан бирга ушбу техникалар ҳисобидан томорқа ерларини ҳайдаш ва экин экиш хизматларини кўрсатади.

Аввалроқ президент Наманган, Андижон ва Фарғона вилоятлари ҳокимлари билан учрашувда маҳаллаларда «Сайхунобод тажрибаси»дан фойдаланиш топшириғини берганди. Бунда асосий эътибор томорқа ва хонадонлар имкониятларидан фойдаланишга қаратилади.