10 май куни Ички ишлар вазирининг буйруғи билан Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи лавозимига подполковник Икромжон Турсунов Нормуродович тайинланди, дея хабар бермоқда вазирлик матбуот хизмати.

Бунга қадар Икромжон Турсунов Сурхондарё вилояти ИИБ бошлиғининг биринчи ўринбосари лавозимида хизмат қилиб келаётганди.

Тайинлов Ички ишлар вазири генерал-лейтенант Пўлат Бобожонов ҳамда вилоят ҳокими Ботир Зарипов иштирокида ўтказилган тезкор йиғилишда амалга оширилди. Тадбирда Бухородаги ёшлар, аёллар томонидан ҳамда ишсизлик оқибатида содир этилиши мумкин бўлган жиноятларнинг олдини олиш ишлари танқид қилинди.

Ҳудуддаги ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан оғир маҳаллаларда сектор раҳбарлари, маҳалла раислари, маҳалладаги ҳоким ёрдамчилари, ёшлар етакчилари ва хотин-қизлар фаоллари томонидан фуқароларни қабул қилиш ва уларнинг муаммоларини ҳал этиш вазифаларга жиддий эътибор қаратиш зарурлиги тушунтирилди, дейилади хабарда.

Мазкур лавозимда Турсунов 2023 йилнинг февралидан буён ишлаб келаётган Миржамол Миралимов ўрнини эгаллади.