5 октябрь куни Рустамов Олимхон Бакиевич Қашқадарё вилояти ҳокимининг ўринбосари лавозимига тайинланди, дея хабар берди вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати. У бир вақтда вилоят инвестициялар, саноат ва савдо бошқармаси бошлиғи сифатида ҳам иш бошлади.

Олимхон Рустамов 1966 йил Тошкент шаҳрида туғилган. Тошкент халқ хўжалиги институти, Ломоносов номидаги Москва давлат университети ва президент ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академиясини тамомлаган.

2005−2014 йилларда Ҳисоб палатасида бош инспектор, 2014−2016 йилларда Навоий кон-металлургия комбинати бош директори ўринбосари лавозимларида ишлаган. 2016−2017 йилларда «Ўзбекнефтгаз» раисининг иқтисодиёт ва молия бўйича ўринбосари бўлган.

Тайинловга қадар у Инвестициялар, саноат ва савдо вазири ўринбосари лавозимида фаолият юритган. 28 сентябрь куни лавозимидан озод этилган.

Эслатиб ўтамиз, февраль ойидан Иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари, 2018 йил сентябридан эса собиқ Молия вазирлиги раҳбари ўринбосари ва Ғазначилик бошқармаси бошлиғи лавозимларида ишлаган Дилшод Султонов Тошкент вилояти Янгийўл шаҳри ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тайинланган.

Шунингдек, иқтисодиёт ва молия вазирининг яна бир ўринбосари — Эркин Рустамов ҳам Тошкент вилояти Зангиота тумани ҳокими вазифасини бажарувчи бўлган.

2022 йилнинг август ойида иқтисодий тараққиёт вазирининг биринчи ўринбосари ва Марказий банк раиси ўринбосари лавозимларида ишлаган Саидқаҳҳор Холхўжаев пойтахтнинг Чилонзор тумани ҳокими лавозимига тайинланганди.