Эркин Эркамович Рустамов Тошкент вилояти Зангиота туманига ҳоким этиб тайинланди, деб хабар қилди 7 август куни вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати. Аввалги ҳоким Абдиваҳоб Тамикаев 3 август куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг вилоятга ташрифидан сўнг ўз аризасига биноан лавозимидан озод этилганди.

Эркин Рустамов ушбу тайинловга қадар иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари лавозимида ишлаб келган. У билан бир кунда иқтисодиёт ва молия вазирининг яна бир ўринбосари — Дилшод Султонов Тошкент вилояти Янгийўл шаҳрига ҳоким этиб тайинланган.

Эркин Рустамов 1984 йилда Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида туғилган. 2005 йилда Тошкент давлат техника университети бакалавриатини, 2007 йилда эса шу университетнинг магистратура босқичини тамомлаган.

Йил бошида Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ташкил этилгунга қадар 2022 йил сентябрдан иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаб келган.

Бундан ташқари, Вазирлар Маҳкамасининг Макроиқтисодий таҳлил, таркибий ўзгартиришлар, банк-молия тизими, давлат активларини бошқариш, рақобатни ривожлантириш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари котибияти мудирининг биринчи ўринбосари лавозимида фаолият юритган.

Қайд этилишича, Эркин Рустамов номзоди Зангиота ҳокими в.б. лавозимига Шавкат Мирзиёев томонидан тавсия этилган (Дилшод Султоновнинг номзоди сингари).

эркин рустамов, тошкент вилояти, зангиота тумани

Тайинлов эълон қилинган халқ депутатлари туман кенгаши сессиясида сўзга чиққан вилоят ҳокими Зойир Мирзаев Зангиота туманини ободонлаштириш борасидаги бир қатор камчиликларга тўхталиб ўтди.

У, хусусан, вилоят ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосарлари қатори барча вилоят ташкилотлари раҳбарларининг лавозимларига мувофиқлиги масаласини ҳам кўриб чиқиш зарурлигини таъкидлади.

«Туманда аҳоли мурожаатлари билан ишлаш мутлақо қониқарсиз. Бугун муддати ўтиб кетган 100 дан ортиқ мурожаатлар бор. Мурожаатлар билан ишлаш бўйича занжир бор: аризани айланиб-айланиб маҳалла раисига юбориш одати пайдо бўлган», — дейди Зойир Мирзаев.

«Собиқ ҳоким Абдуваҳоб Тамикаев тажрибали ҳоким эди. У киши билан турли йилларда ёнма-ён ишладик. Бироқ туманнинг иқтисодиёти орқага кетишида туман фаолларининг роли катта деб ўйлайман», — дея қўшимча қилди у.

«Туманда 15 минг аҳоли четда иш излаб, сарсон бўлиб юрибди. Тўғри, иш ўринлари яратиляпти. Лекин Зангиотадек салоҳиятли жойда вазият мақтанарли эмаслиги ачинарли», — деди вилоят ҳокими.

«56 маҳаллада сартарошхона, 38 та маҳаллада гўзаллик салонлари йўқ. Аҳоли билан ишлаш, уларнинг бирламчи эҳтиёжларини қондириш борасида қилинадиган ишлар кўп», — деди у.

Шунингдек, Зойир Мирзаев ер ажратиш соҳасидаги қонунбузарликлар, болаларга боғчаларда жой йўқлиги, қамров қониқарли эмаслиги (51,8 фоиз), қурилиш ва сармоя жалб этишда қолоқлик мавжудлигини қайд этди.

Шавкат Мирзиёев 2 август куни вилоятга ташрифи чоғида Тошкент вилояти ҳокимининг камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари, Қибрай ва Янгийўл туманлари ҳокимлари ва сектор раҳбарларини лавозимидан озод этиш бўйича топшириқ берганди. Шунингдек, вилоят ҳокимининг яна икки ўринбосарига ҳайфсан берилган.

Эртаси куни Бекобод ва Зангиота туманлари ҳокимлари лавозимидан озод этилгани маълум бўлган. Бир кун аввал Бекобод туманига «Қишлоқ қурилиш банк» департаменти бошлиғининг ўринбосари лавозимида ишлаб келган Шуҳрат Мирзаев ҳоким этиб тайинланган.