4 октябрь куни Қозон шаҳрида Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги минтақалараро ҳамкорликнинг учинчи форуми бўлиб ўтади, деб хабар бермоқда Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси матбуот хизмати.

Форум Ўзбекистон ва Россия ҳудудлари ўртасидаги амалий ҳамкорликни кенгайтириш мақсадида икки давлат ишбилармонлар доираси вакиллари иштирокида ўтказилади.

Тадбир доирасида Ўзбекистон-Россия ва Россия-Ўзбекистон ишбилармонлар кенгашларининг қўшма йиғилиши, шунингдек, «Россия ва Ўзбекистон: тараққиётнинг янги имкониятлари» мавзусида кўргазма бўлиб ўтади.

Форум давомида транспорт-логистика, саноат, туризм ва ёшлар соҳаларида икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш масалалари ҳам муҳокама қилиниши режалаштирилган.

Аввалроқ Шавкат Мирзиёев 5−7 октябрь кунлари расмий ташриф билан Россияда бўлиши хабар қилинганди. Москвада у Россия президенти Владимир Путин билан музокаралар олиб боради, шунингдек, Қозонга бориб, республика губернатори Рустам Минниханов билан учрашади.