Ўзбекистон Рақамли технологиялар вазирлиги IMEI-кодларни рўйхатдан ўтказишни соддалаштириш бўйича ҳукумат қарори лойиҳасини ишлаб чиқди. Бу ҳақда вазирликнинг Телекоммуникация инфратузилмасини ривожлантириш бошқармаси бошлиғи Муроджон Йўлдошев 3 октябрь куни АОКАда бўлиб ўтган брифингда маълум қилди.

«Тегишли вазирликлар билан келишган ҳолда ҳозирда қарор лойиҳаси ҳукуматда турибди. Ўзгаришларнинг ҳаммасини санаб ўтмайман, битта-иккитасини санаб ўтаман. Масалан, чет элдан келаётган фуқаролар учун қулайликлар яратилмоқда. Уларнинг SIM-картаси 30 кунда (IMEI-коди рўйхатдан ўтказилмаса) ўчиб қоларди, ўша муддат узайтириляпти», — деди у.

Унинг сўзларига кўра, Face ID технологияси орқали IMEI-кодларини рўйхатдан ўтказиш имкониятини яратиш ҳам режалаштирилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 2021 йил ноябрида рақамли технологиялар вазири (ўша пайтда АТ ва коммуникацияларни ривожлантириш вазири) Шерзод Шерматов мобил телефонларни IMEI орқали рўйхатдан ўтказиш тизимини соддалаштиришга чақирган эди.

IMEI рўйхатга олиш тизими ҳақида

Ўзбекистонда 2019 йилнинг апрелидан буён мобил қурилмаларни IMEI орқали мажбурий рўйхатдан ўтказиш тизими ишламоқда. Уни амалга ошириш учун Американинг Delta Telecom International компанияси Ўзбекистонда Ахборот технологиялари маркази қўшма корхонасини ташкил этди. Delta Telecom компаниясининг корхонадаги улуши 51 фоизни ташкил этди, юқорида қайд этилган марказ вакили бўлган Ўзбекистон томони 49 фоизга эга.

2019 йил 1 декабрдан буён тизим пулли ҳисобланади. Тизимнинг жорий этилиши рўйхатга олиш механизмининг мураккаб ташкил қилингани ва бунинг учун пул тўлаш зарурати туфайли дарҳол аҳолининг норозилигига сабаб бўлди.

2020 йил февраль ойида жамоавий петиция порталида IMEI рўйхатдан ўтказиш тўловини бекор қилиш тўғрисида петиция пайдо бўлди. Қонунчилик палатаси қўмитаси ушбу масалани ўрганиш бошланганини эълон қилди. Ўрганиш натижаларига кўра, қўмита Вазирлар Маҳкамасининг (847 ва 778-сон) қарорлари билан тасдиқланган қоидалар асосида IMEI-кодларини рўйхатдан ўтказиш амалиётини давом эттиришни «мақсадли ва асосли» деб топди. Қонунчилик палатаси ҳукуматга ҳисоботда қайд этилган таклиф ва камчиликларни инобатга олиб, тизимни такомиллаштириш бўйича ишларни давом эттиришни тавсия қилди.

Бошқаларнинг паспорт маълумотларидан фойдаланган ҳолда IMEI-кодларини рўйхатдан ўтказиш билан боғлиқ можародан сўнг (бу кўплаб аҳолига ўз қурилмаларини ўз номига рўйхатдан ўтказишга тўсқинлик қилди), 2020 йилда тизим оператори рўйхатдан ўтиш тартибини ўзгартирди.