Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шерзод Шерматов «Ўзбекистон телекоммуникация тармоқларини бошқариш Республика маркази» давлат унитар корхонаси фаолияти билан танишди, деб хабар берди АКТ вазирлиги матбуот хизмати.

Яқин келажакда амалга оширилаётган лойиҳалар қаторида мобил телефон рақамларини кўчириш тизими лойиҳаси кўриб чиқилди.

Шерзод Шерматов IMEI кодларини рўйхатдан ўтказиш жараёнини истеъмолчилар учун янада осонлаштириш йўлларини топиш кераклигини таъкидлади.

«Фуқаролар хизматлардан осон ва қулай фойдаланиш имкониятига эга бўлиши керак. Бунинг учун барча чораларни кўриш зарур», — деди АКТ вазири Шерзод Шерматов.

Мобил қурилмаларни IMEI-код орқали рўйхатга олиш тизимини жорий этиш Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 22 октябрдаги қарорида кўзда тутилган эди. «Ўзбекистон телекоммуникация тармоқларини бошқариш республика маркази» ДУК тизим оператори этиб белгиланди.

2019 йил апрель ойидан маҳаллий GSM-операторлар тармоқларида фойдаланиладиган мобил қурилмаларниавтоматик ҳисобга олиш ва рўйхатдан ўтказиш тизими жорий этилган.