Ҳозирда учинчи шахсларнинг паспорт маълумотларидан фойдаланган ҳолда мобил қурилмалар ИМEИ-кодларини рўйхатдан ўтказиш ҳоллари кузатилмоқда, дея хабар берди Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги.

Рўйхатдан ўтказиш масофавий ёки онлайн тарзда амалга оширилаётганида фойдаланувчи билан шахс ўртасида контакт бўлмаслиги сабабли фуқароларнинг паспорт маълумотларини айнан шу шахснинг ўзи ёки бошқа шахс томонидан тақдим қилинаётганлигини тизим орқали аниқлаш имкони бўлмайди, дейилади баёнотда.

Олдинроқ Xushnudbek.uz Telegram каналида фуқаролар ўзларининг паспорт маълумотлари огоҳлантиришсиз бегона одамлар томонидан мобиль телефонларни рўйхатдан ўтказиш учун ишлатилганлиги ҳақидаги шикоятлари скриншотлари эълон қилинганди.

Блогер Исроил Тиллабоев февраль ойида кредитга телефон олганлигини, лекин озгина вақтдан сўнг у ишламай қолганлиги ҳақида айтган. Аниқланишича, IMEI-код рўйхатдан ўтказилмаган бўлган. Рўйхатдан ўтказиш фақат яқинда хориждан қайтган фуқаро паспортига амалга оширилиши мумкин. Исроил Тиллабоев 11 кишини олиб келган, лекин уларнинг барчасининг номига IMEI-кодлар рўйхатдан ўтказилган бўлган.

Маълумот учун, жисмоний шахслар томонидан мобил қурилмаларнинг IMEI-кодларни рўйхатдан ўтказиш учун шахснинг паспорт маълумотлари, телефон рақами ва мобил қурилманинг ИМEИ-кодини тақдим этиш талаб қилинади. Шахснинг паспорт маълумотларига асосан фуқаронинг Ўзбекистон Республикаси божхона чегарасини кесиб ўтганлиги тўғрисидаги маълумотлар текширилади.

«Учинчи шахсларнинг паспорт маълумотларини киритган ҳолда ноқонуний равишда олиб кирилган мобил қурилмаларни рўйхатдан ўтказилиш ҳолатларини олдини олиш ва ушбу ноқонуний ҳаракатларни амалга оширган шахсларни аниқлаш мақсадида, Тизим оператори томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилинган», — дейилади вазирлик ахборотида.

Бугунги кунда тергов суриштурув ишлари олиб борилмоқда.