Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 29 сентябрь куни Берлинда Германия федерал канцлери Олаф Шольц раислигида ўтган Марказий Осиё мамлакатлари ва Германия етакчиларининг биринчи саммитида иштирок этди.

Тадбирда Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев, Қирғиз Республикаси президенти Садир Жапаров, Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон ва Туркман халқининг миллий етакчиси, Туркманистон Халқ Маслаҳати раиси Гурбангули Бердимуҳамедов ҳам қатнашди.

Саммит кун тартибига мувофиқ, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар ҳамкорликни кенгайтириш, «яшил» энергетикани ривожлантириш ва иқлим ўзгаришларига мослашиш истиқболлари, табиий ресурслар ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари ҳамда барқарор ва изчил минтақавий тараққиётни таъминлаш борасида биргаликдаги саъй-ҳаракатлар муҳокама қилинди.

германия, марказий осиё, шавкат мирзиёев

Тадбир иштирокчилари «Марказий Осиё — Германия» формати очиқ мулоқот ҳамда минтақа мамлакатлари ва Германия ўртасидаги ҳамкорликнинг янги кун тартибини шакллантириш учун самарали майдонга айланганини таъкидлади.

Ўзбекистон президенти Марказий Осиёда бугунги минтақавий ҳамкорлик даражасига юксак баҳо бериб, Ўзбекистон яхши қўшничилик, ўзаро ишонч ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш сиёсатини оғишмай амалга ошираётганини қайд этди.

Шавкат Мирзиёев минтақа мамлакатларига мустақилликнинг илк кунлариданоқ амалий кўмак кўрсатишда Германия муҳим ўрин тутиб келаётганини юқори баҳолади. Шунингдек, узоқ муддатли ҳамкорликнинг умумминтақавий аҳамиятга эга устувор йўналишларини кўрсатиб ўтди.

Булар — инвестициявий, инновациявий ва технологик алоқалар ва алмашинувни ривожлантириш, қайта тикланувчи энергия манбаларини жорий қилиш, хомашё ресурсларини чуқур қайта ишлаш, транспорт-коммуникациявий ўзаро боғлиқликни кучайтириш, «яшил» кун тартибини илгари суриш, Германия стандартларига мувофиқ турли тармоқлар учун мутахассисларни тайёрлаш, Афғонистон аҳолисига гуманитар ёрдам кўрсатиш.

Марказий Осиё мамлакатлари етакчилари Германия томонининг Марказий Осиё ва Германия ўртасида стратегик минтақавий шерикликни йўлга қўйиш, ушбу форматда мунтазам учрашув ва маслаҳатлашувлар ўтказиб бориш таклифини қўллаб-қувватладилар.

Эслатиб ўтамиз, 19 сентябрь куни Нью-Йоркда Марказий Осиё давлатлари ва АҚШ етакчиларининг «С5+1» форматидаги биринчи саммити бўлиб ўтган эди.

2 июнь куни Қирғизистоннинг Чўлпон-Ота шаҳрида «Европа Иттифоқи — Марказий Осиё» иккинчи саммити ўтказилди.