Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев «Марказий Осиё — Европа Иттифоқи» давлат раҳбарларининг иккинчи саммитида нутқ сўзлади, деб хабар берди давлат раҳбари матбуот хизмати.

У ўз нутқи аввалида Европа Кенгаши президенти Шарль Мишелга мурожаат қилди: «Алоқаларимизнинг самарадорлиги кўп жиҳатдан сизнинг Марказий Осиё мамлакатлари билан конструктив сиёсий мулоқотни ва кўп қиррали ҳамкорликни ривожлантиришни қўллаб-қувватлашингиз ва қатъий интилишингиз туфайлидир».

афғонистон, европа иттифоқи, транскаспий йўлаги

Президент Остонада ўтган илк учрашувдан буён салкам бир йил ўтганини эслаб ўтди ва қисқа даврда биргаликдаги саъй-ҳаракатлар билан катта ишлар амалга оширилганини таъкидлади: ўтган йилнинг ноябрь ойида Ўзбекистонда Минтақавий ўзаро боғлиқлик бўйича юқори даражадаги конференция ўтказилди. Унда рақамлаштириш, транспорт коммуникациялари, энергетика ва сув ресурсларини бошқариш соҳаларидаги лойиҳаларни, шу жумладан, европалик шерикларнинг «Глобал дарвоза» стратегияси доирасида илгари суришга алоҳида эътибор қаратилди. Марказий Осиёда барқарор энергетика тизимини яратиш ҳамда профессионал таълим соҳасида бир қатор муҳим минтақавий лойиҳалар бошланди.

Шавкат Мирзиёев, шунингдек, март ойида Тошкентда фуқаролик жамияти форуми, Олмаотадаги иккинчи Иқтисодий форум, Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг май ойида Самарқандда бўлиб ўтган йиллик йиғилиши натижаларини алоҳида қайд этишни исташини таъкидлади. Бу тадбирлар «европалик шериклар билан мулоқотлар сифат жиҳатидан ва ижобий ўзгариб бораётганини» яна бир бор кўрсатиши қайд этилди.

«Бугун Марказий Осиё Европанинг етакчи компания ва банклари учун жозибадорлик маркази ва янги иқтисодий имкониятлар маконига айланди», — деди давлат раҳбари. Гап

  • замонавий саноат қувватларини яратиш;
  • «яшил» энергетикани жорий этиш;
  • «ақлли» қишлоқ хўжалигини ривожлантириш;
  • ривожланган транспорт-логистика инфратузилмасини шакллантиришга қаратилган кенг инвестициявий ва технологик шериклик ҳақида бормоқда.

Президент 2030 йилга қадар ушбу кўрсаткичларнинг икки баробар ўсишига эришиш учун барча асослар борлигини таъкидлади.

Давлат раҳбари Шарль Мишелга мурожаат қилиб, унинг «Ўзбекистонга тарихий ташрифидан сўнг» барча даражалардаги мулоқотлар сезиларли даражада фаоллашганини билдирди.

«Биз Франция, Германия, Венгрия ва Чехия етакчилари билан учрашувлар ўтказдик. Будапешт ва Стокгольмда элчихоналар очдик. Келгуси ҳафтада мен Италияга ташрифни амалга оширишни режалаштирмоқдаман», — деди давлат раҳбари.

У Европа Иттифоқи билан товар айирбошлаш ҳажми GSP+ тартиби туфайли барқарор ўсиб бораётганини қайд этди. Хусусан, 2022 йилда савдо ҳажми 20 фоизга ошган, 2023 йил бошидан буён қарийб 70 фоизга ўсган. Европанинг етакчи компания ва банклари билан юқори технологик ишлаб чиқариш ва янги иш ўринларини яратиш бўйича истиқболли лойиҳалар портфели 20 миллиард евродан зиёдни ташкил этмоқда.

Европа тикланиш ва тараққиёт банки таҳлилчиларининг сўнгги ўрганишларига кўра, минтақадаги умумий иқтисодий ўсиш жорий йилда 5,2 фоизни ва келгуси йилда 5,4 фоизни ташкил қилади.

Европалик экспертлар Ўзбекистонда ўртача 6,5 фоизлик йиллик ўсишни прогноз қилмоқда. «Айни пайтда биз 2030 йилга қадар ялпи ички маҳсулот ҳажми ва аҳолининг реал даромадларини икки баробар ошириб, даромадлари ўртачадан юқори бўлган давлатлар қаторига киришни режалаштиряпмиз», — деди президент.

Ўзбекистон президенти ҳамкорликнинг устувор йўналишлари бўйича таклифларни илгари сурди.

«Биринчиси — савдо. Ўзбекистон Европа Иттифоқи билан савдо муносабатларини тубдан кенгайтиришдан, энг аввало, барқарор савдо-логистика занжирларини ва ўзаро маҳсулот етказиб беришни қўллаб-қувватлашнинг самарали механизмларини яратишдан манфаатдор», — деди Шавкат Мирзиёев.

Давлат раҳбари GSP+ тартибининг тақдим этилиши мамлакат ишлаб чиқарувчиларини ташқи савдо фаолиятига жалб қилиш ва шу билан бирга, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар сифатини оширишда рағбатлантирувчи омил бўлиб хизмат қилишини таъкидлади.

«Биз ушбу шартларнинг амал қилиш муддатларини янги даврга узайтиришдан манфаатдормиз. Ушбу преференциялар тизимининг минтақадаги барча мамлакатларга татбиқ этилиши иқтисодиётларимизнинг индустриал салоҳияти ва рақобатбардошлиги ортишига хизмат қилади, деб ҳисоблаймиз», — деди президент.

Шу билан бирга, минтақада қуйидаги каби масалалар мавжуд эканига эътибор қаратди:

  • Европа Иттифоқи талабларига мувофиқ замонавий лабораториялар, стандартлаштириш ва сертификатлаш марказлари тармоғини яратиш;
  • Европа бозорларида ишлаши учун ўзбекистонлик экспорт қилувчиларнинг билим ва салоҳиятини ривожлантириш;
  • Европа компанияларининг минтақа мамлакатлари савдо имкониятлари ҳақида хабардорлигини оширишга қаратилган тадбирлар ўтказиш.

«Афсуски, бу масалаларнинг барчаси бўйича ҳанузгача сезиларли натижаларга эришилгани йўқ», — деди президент. Уларни ҳал этиш учун мамлакатлар экспорт ва импорт қилувчи корхоналарини қўллаб-қувватлаш комплекс дастурини биргаликда ишлаб чиқиш таклиф этилди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасида кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битимни қабул қилиш жараёни тез фурсатда якунланиши ҳам ушбу вазифанинг ижросига хизмат қилиши таъкидланди.

Иккинчи йўналиш — барқарор иқтисодий ўсишнинг муҳим омили сифатида ўзаро боғланган транспорт йўлакларини шакллантириш

«Марказий Осиё ва Европанинг транспорт-коммуникациявий боғлиқлигини, энг аввало, „Ўрта маршрут“ деб ном олган Транскаспий транзит йўлагини шакллантириш орқали ривожлантириш мақсадида мамлакатларимизнинг саъй-ҳаракатларини бирлаштириш муҳимдир», — деди давлат раҳбари.

Аммо ушбу магистраль рақобатбардошлигини ошириш масаласида ўзаро мувофиқлашган ёндашув ҳанузгача мавжуд эмаслиги кўрсатилди.

«Бугун юк ташишнинг асосий ҳажмини ҳосил қилаётган бизнес учун манфаатли бўлган тарифлар керак. Бироқ таҳлиллар кўрсатаётганидек, ушбу йўналишдаги жорий тариф ва йиғимлар, масалан, муқобил бўлган Шимол — Жануб йўналишларидагидан 1,5 баробар баланд», — дея таъкидлади Шавкат Мирзиёев.

Транспорт-логистика ва порт инфратузилмаларини юклар оқимининг прогноз қилинаётган ўсишига мос равишда кенгайтириш ҳамда йўл қопламасининг техник ҳолатини яхшилаш масалалари ҳам муҳим аҳамиятга эга, дея қўшимча қилди президент.

Ўзбекистон раҳбари Транскаспий йўлаги салоҳиятидан фойдаланишнинг доимий, таъсирчан механизмини яратишни таклиф қилди. Шунингдек, европалик ҳамкорлар томонидан Европа ва Марказий Осиё ўртасида барқарор транспорт йўлакларини шакллантириш юзасидан ўтказилган тадқиқотларнинг муҳим аҳамиятини қайд этди.

Учинчи йўналиш — инвестициявий ва технологик шериклик

«Ўйлайманки, „Марказий Осиё — Европа Иттифоқи“ иқтисодий форуми доирасида ҳар йили саноат-технология кўргазмаларини ўтказиш масаласини кўриб чиқиш вақти келди», — деди Шавкат Мирзиёев.

Ўзбекистон президенти, шунингдек, Европа инвестиция банки билан биргаликда Европанинг етакчи компанияларининг ишлаб чиқариш қувватларини Ўзбекистонга ўтказиш учун махсус молиявий қўллаб-қувватлаш воситаларини ишга туширишдан манфаатдорлигини билдирди.

Тўртинчи йўналишга келсак, Ўзбекистон рақамли ўзаро боғлиқлик соҳасида Евроиттифоқ билан яқиндан ҳамкорлик қилиш ниятида.

Жаҳон банки мутахассисларининг тадқиқотларига кўра, юқори тезликдаги Интернетдан фойдаланиш имкониятларининг янада кенгайтирилиши минтақа мамлакатлари ялпи маҳсулоти ва экспорти ҳажмининг мутаносиб равишда ошишига олиб келади.

Бу борада «Европа жамоаси» ташаббуси қўллаб-қувватланиши маълум қилиниб, «Марказий Осиё учун рақамли кун тартиби»ни биргаликда ишлаб чиқиш таклиф этилди.

Бешинчи йўналиш — иқлим соҳасидаги хатарларга қарши курашиш. Бу ерда, авваламбор, Европанинг илғор билим ва технологияларини қўллаган ҳолда мақсадли минтақавий лойиҳаларни амалга ошириш ҳисобидан экотизимлар барқарорлигини ошириш ҳақида сўз бормоқда, дейилади хабарда.

Президен бугун Ўзбекистонда «яшил» энергетика фаол ривожланиб бораётганига эътибор қаратди. «2030 йилга бориб қайта тикланувчи энергия ишлаб чиқариш қувватларини 25 минг мегаваттгача ошириш ва унинг улушини ҳозирги 14 фоиздан 40 фоизгача етказишни режа қилганмиз», — деди у.

Ўзбекистон раҳбари Европа Иттифоқини жорий йилнинг кузида «Умумий хавфсизлик ва фаровонлик йўлидаги Самарқанд бирдамлик ташаббуси» доирасида ўтказиладиган биринчи Халқаро иқлим форумини ҳамкорликда ташкил этишга таклиф қилди.

Олтинчи йўналиш — туризмни ривожлантириш. Ушбу тармоқ пандемиядан кейин тез қайта тикланаётгани ва барқарор юқори ўсиш суръатини кўрсатаётгани таъкидланди. «Шунга қарамай, Марказий Осиёнинг улкан туризм салоҳияти бугунги кунда тўлиқ ишга солинмаяпти», — деди президент.

У Марказий Осиё учун барқарор туризмни ривожлантиришга кўмаклашиш дастурини биргаликда ишлаб чиқиш ва уни жорий йил октябрь ойида Ўзбекистонда ўтказиладиган Жаҳон туризм ташкилоти Бош ассамблеясининг юбилей саммитида тақдим этишни таклиф қилди.

Ушбу дастур қуйидаги масалаларни қамраб олади:

  • инфратузилмани модернизация ва тарихий мерос объектларини реконструкция қилиш бўйича аниқ лойиҳаларни,
  • авиақатновлар географиясини кенгайтириш ва сонини кўпайтириш;
  • бутун минтақа учун мўлжалланган ягона туризм маҳсулотлари ва йўналишларни ишлаб чиқиш ҳамда виза тартиботларини соддалаштириш.

Еттинчи йўналиш — ёшлар таълимига инвестиция киритиш. Ўзбекистонда Европанинг еттита университети филиаллари муваффақиятли фаолият юритмоқда. «Лекин бу етарли эмас. Яқин истиқболда Европа Иттифоқи мамлакатларининг етакчи олий таълим муассасалари билан шерикликни йўлга қўйиш ва қўшма таълим дастурларини, биринчи навбатда, техника мутахассисликлари бўйича жорий қилиш ниятидамиз», — деди президент.

У, шунингдек, «Европа уфқлари» дастури доирасида Марказий Осиё минтақаси учун илмий-тадқиқот ва таълим лойиҳаларини қўллаб-қувватлашни кенгайтириш имкониятини кўриб чиқишни таклиф этди.

афғонистон, европа иттифоқи, транскаспий йўлаги

Ўзбекистон президенти ўзаро ҳамкорликнинг энг муҳим йўналиши янги таҳдид ва хавфсизликка таҳдидларга қарши курашда ҳамкорликни мустаҳкамлаш эканини эслатди.

«Бугун чегараларни ҳимоя қилиш, наркотрафик ва терроризмга қарши кураш бўйича қўшма дастурларни самарали амалга оширмоқдамиз. Европалик ҳамкорлар кўмагида минглаб юқори малакали мутахассислар тайёрланди, чегара пунктлари модернизация қилинди», — дея эслади президент.

Шавкат Мирзиёев экстремизм ва радикализм, одам савдоси, уюшган ва кибержиноятчиликка қарши курашиш, шунингдек, чегараларни муҳофаза қилиш соҳасида ҳамкорликнинг янги дастурларини ишлаб чиқиш зарур, деб ҳисоблайди. Шу мақсадда «Марказий Осиё — Европа Иттифоқи: хавфсизлик соҳасида ҳамкорликнинг янги кун тартиби» мавзуида эксперт конференцияси ўтказишни таклиф қилди.

«Афғонистон муаммоси эътиборимиз марказида бўлиб турибди. Минг афсуски, Афғонистондаги гуманитар вазият тез суръатда ёмонлашиб бормоқда. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг маълумотларига кўра, ҳозирги вақтда миллионлаб афғонлар ҳалокат ёқасида турибди. Шу муносабат билан шерикларимизни афғон халқига инсонпарварлик ёрдами ҳажмини камайтирмасликка чақирамиз. Шу мақсадда Термиздаги логистика хаби имкониятларини бундан буён ҳам тақдим этишга тайёрмиз. Афғонистондаги вазиятни тартибга солиш ва унинг тинч тараққиётига кўмаклашиш борасидаги долзарб масалалар ечими юзасидан умумий ёндашувларни ишлаб чиқиш учун махсус вакилларимизнинг мунтазам маслаҳатлашувларини давом эттиришни таклиф этамиз», — деди Шавкат Мирзиёев.

Якунида Ўзбекистон президенти етакчиларнинг иккинчи учрашуви якунларига кўра юқоридаги барча ташаббусларни ўз ичига олган «йўл харитаси»ни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш мақсадга мувофиқ бўлишини қўшимча қилди.

«Мулоқотларимизни мунтазам ўтказиб бориш тўғрисидаги таклифни ҳам қўллаб-қувватлайман. Ушбу форматдаги илк саммитни келгуси йилда Ўзбекистонда ўтказиш борасидаги ташаббусимиз қўллаб-қувватлангани учун миннатдорлик изҳор этаман», — деди давлат раҳбари.