2022 йилда Ўзбекистонда 131 та табиий ва техноген хусусиятдаги фавқулодда вазиятлар содир бўлган. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги академиясида ўтказилган илмий-амалий анжкманда айтиб ўтилди.

Ушбу ҳодисалар оқибатида 287 нафар инсон ҳалок бўлган, 297 нафари жабрланган.

Содир бўлган 55 та табиий хусусиятдаги фалокатда 127 нафар фуқаро ҳалок бўлган. 88 нафар фуқаро жароҳат олган. Техноген хусусиятли фавқулодда вазиятларнинг асосий қисмини ёнғинлар ташкил этган. Улар 10 минг 260 тани ташкил этиб, 7 минг 587 таси (умумий ёнғинларнинг 73,9 фоизи) аҳоли яшаш секторига тўғри келади.

Ёнғин оқибатида ҳалок бўлганлар 107 нафар, жароҳат олганлар 177 нафарга тенг. Ёнғинлар камайиб бориш тенденциясига эга бўлса-да, моддий зарар миқдори ортиб борган, дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, 2022 йил апрель ойида Жиззахда сел ва сув тошқинларидан кўплаб аҳоли азият чекди. Хусусан, 5 киши, шу жумладан, икки нафар ёш бола ҳалок бўлди. Бундан ташқари, 260 та хўжалик талафот кўрди, 6 та мактаб, 2 та МТМга сув кирди, 6 киши қутқарилди.

Май ойида Сурхондарёнинг тоғли ҳудудларида бошланган сел оқимлари уч фуқарони оқизиб кетди. Октябрда Тошкент вилоятининг Чирчиқ шаҳрида «Maxam Chirchiq» заводида портлаш юз берди. Февраль ойида Андижондаги тиббий марказда портлаш юз бериб, воқеа оқибатида 1 киши ҳалок бўлди, 11 киши жароҳатланди.