11 февраль куни, соат 11:30 да Андижон вилояти Шаҳрихон туманидаги «Қоракўрпа» маҳалласида жойлашган 3 қаватли тиббий марказида газ-ҳаво аралашмаси чақнаши рўй берди.

ФВВ портлаш оқибатида бир нафар фуқаро воқеа жойида вафот этганини маълум қилди. Бош прокуратура эса ҳодиса юзасидан Жиноят кодексининг 257-моддаси (Меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатиб, воқеа оқибатида жабрланганлар сони 11 нафарни ташкил этаётганини қайд этди.


«Газета.uz» мухбири воқеа жойидан фоторепортаж тайёрлаб, жабрланганлар билан суҳбатда бўлди.

Воқеа содир бўлган пайтда кўчада турган ва портлаш гувоҳ бўлган фуқаролардан бири ҳолат ўта оғир бўлганини айтди.

«Ошхонада ошпаз бўлиб ишлайман. Йўлни бўйида турган пайтимизда ёнимиздаги даволаниш маскани бирданига портлаб кетди. Югуриб кириб, битта қизни олиб чиқдик. Плиталар босиб қолган беморлар ҳам бор эди. Бир киши ўзимизни қўлимизда вафот этди. Кейин қолганларни ҳам олиб чиқдик, яраланганлар ҳам бор эди. Тез ёрдамга биринчи бўлиб ўзимиз телефон қилдик. [Бинога кирган вақтда] ҳолат ўта оғир эди, у ерда ётган беморлар кўп эди», — деди у.

Воқеа жойида бўлган гувоҳларнинг сўзларига кўра, портлаш оқибатида вафот этганлар сони 3 та бўлиши мумкин, бироқ бу маълумот ҳозирча тасдиқланмади. Аввалроқ, «Дарё» плита остидан олиб чиқилган, кейинчалик вафот этган қизни иккинчи қурбон бўлиши мумкинлиги ҳақида ёзганди.

Портлаш вақтида тиббиёт маркази ичида бўлган Муҳаббат опа тиббий кўрикдан ўтиш мақсадида келганини сўзлаб берди.

Фото: Озод Шаробиддинов / «Газета.uz».

«Кўрингани биринчи марта келган жойимиз эди. Мени давлениям бор, зулук олса пастлайди деган мақсадда келгандим. Олиб бўлиб, 10 дақиқаларда чиқиб кетмоқчи бўлиб тургандик… Ер ёрилди, ер тагига тушиб кетаяпмиз деган хаёл келди, холос. Биринчи қаватда эдим, пастда ертўла боракан. Оёгимиз таги ёрилди, тепамиздан ҳам цементлар (плиталар) ёғилиб, баравар пастга тушиб кетдик. Ҳудога шукур яхшиман», — деди у.

Шаҳрихон туман тиббиёт бирлашмаси «Каублхона-Диагностика» булим мудири Отабек Ахлиддиновнинг таъкидлашича, 11 кишидан енгил жароҳат олган фуқароларга шошилинч тиббий ёрдам кўрсатилиб, назоратда бўлиши учун амбулатор равишда яшаш жойига жавоб берилган.

«Буларнинг ичида тўлиқ текширувдан ўтиши керак бўлган 4 нафар бемор ҳозирги вақтда текширувлардан ўтказилиб, даволаш ишлари давом этаяпти. Бир нафар ўрта оғирликдаги беморимиз вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг ташаббуси билан чуқурроқ ҳамда мукаммал тиббий хизмат кўрсатиш учун вилоят марказига ўтказилган. Чунки бу эътиборга сазовор бемор бўлганлиги учун қўлдан келгунича кенгроқ қамровли ва юқори технологиялар ёрдамида тиббий хизмат кўрсатиш учун марказга ўтказилди», — деди шифокор.