Қирғизистон президенти Садир Жапаров ОАВда Кампиробод (Андижон) сув омборидан Фарғонага сув қувури ётқизилиши режалаштирилаётгани ҳақидаги хабарларга изоҳ берди.

«Ўзбекистонга оқиб ўтаётган сувни Ўзбекистон томони қандай қилиб олишининг бизга фарқи йўқ. Бу қувур линияси, ариқ ёки ҳаво орқали бўладими, муҳим эмас. Асосийси, ҳар бир ҳаракат томонлар ўртасида келишиб олинади», — деди у «Кабар» агентлигига берган интервьюсида.

«Қирғизистон томони Кампиробод сув омбори сувининг атиги 10 фоизидан фойдаланади. Қолган сув Ўзбекистонга 100 йилдан бери оқиб келади. Яна 100 йил ўтади», — деди Қирғизистон раҳбари.

Жапаров ўз изоҳида, шунингдек, «Азаттык» радиоси («Озодлик» радиосининг қирғиз хизмати) томонидан эълон қилинган «Кампиробод аввал Қирғизистонга тегишли бўлган», деган видеони ҳам танқид қилди.

«Кампиробод сув омбори ҳар доим Ўзбекистон назоратида бўлган ва улар уни 100 фоиз бошқарган. Ўтган йили чегара масалаларини ҳал қилар эканмиз, сув омбори билан боғлиқ масалаларни ҳам ҳал қилган эдик. Келишувга кўра, бундан буён сув омборини бошқариш 50/50 асосида амалга оширилади», — деди ва «Азаттык» материалини «одамларни чалғитишга уриниш» деб атади.

Кейинроқ «Азаттык» ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларидан видеони «таҳририят таҳлили учун» олиб ташлагани ва сайтдаги янгиликларга таҳрир қилингани ҳақида хабар берди.

«Нега биз тенг бошқарувга рози бўлдик? Бу биз учун катта ютуқ. Биринчидан, биз сув даражасини 900-горизонтдан юқорига кўтарилмаслиги учун назорат қиламиз. Ерларимиз сув остида қолмаслиги керак. Иккинчидан, тўғон тагида жойлашган қишлоқларимиз учун суғориш вақтида сув омборидан сув олишимиз керак», — дея тушунтирди Қирғизистон президенти.

Аввалроқ Фарғона вилояти ҳокимлиги Хитойнинг Sinomash компанияси билан Кампиробод сув омборидан Фарғонагача сув қувурини қуришда иштирок этиш бўйича келишиб олгани ҳақида маълум бўлган эди. Шаҳар ва сув омбори орасидаги масофа 120 км дан ортиқ.

2022 йил охирида Ўзбекистон ва Қирғизистон Давлат чегараси участкалари тўғрисидаги шартномани ва Кампиробод (Андижон) сув омборини биргаликда бошқариш тўғрисидаги шартномани ратификация қилди. Ҳужжатлар доирасида сув омборининг 4957 гектар ҳудуди ҳамда тўғонни сақлаш ва қўриқлаш учун қўшимча 19,5 гектар майдон Ўзбекистонга, 1019 гектар яйлов эса Қирғизистонга компенсация сифатида ўтказилди.