Ўзбекистон ўзининг савдо ҳамкорларини диверсификация қилиш устида ишламоқда, чунки ҳозирги геосиёсий вазият фақат бир давлатга таяниб бўлмаслигини кўрсатмоқда. Бу ҳақда бош вазир ўринбосари Жамшид Ходжаев сентябрь ойи ўрталарида Вашингтонда бўлиб ўтган Ўзбекистон-Америка бизнес-форуми доирасида Bloomberg`га берган интервьюсида гапириб ўтди.

2030 йилга бориб Ўзбекистон ўз иқтисодиёти ҳажмини икки баробарга ошириб, ялпи ички маҳсулот ҳажмини 160 млрд долларга етказмоқчи. Бунинг учун мамлакат АҚШ, Россия ва Хитой манфаатлари ўртасида мувозанатни сақлаши керак, бу эса бугунги кунда борган сари тарқоқлашиб бораётган глобал иқтисодиёт муҳитида осон иш эмас, деб ёзади нашр.

«Бугунги геосиёсий вазият шуни кўрсатмоқдаки, фақат битта давлатга таяниб бўлмайди, чунки бу ишончли эмас. Барча давлатлар диверсификацияга интилмоқда», — дейди бош вазир ўринбосари.

Унинг сўзларига кўра, Хитой Ўзбекистоннинг энг йирик савдо ва сармоявий ҳамкорларидан бири бўлиб, мамлакатнинг қайта тикланадиган энергия манбалари ва «яшил» энергиядан фойдаланишга ўтишида ёрдам бермоқда. «Уларда яхши технологиялар, йирик компаниялар бор ва улар биз билан ишлашни хоҳлайди», дейди бош вазир ўринбосари.

Қайта тикланадиган энергия манбаларидан ташқари Хитой инфратузилмани ривожлантиришда ҳам Ўзбекистонга фаол ёрдам бермоқда ва бу иш давом этади, дейди Ходжаев.

Бироқ, унинг сўзларига кўра, Ўзбекистон АҚШдан ҳам инвестиция жалб қилишни истайди, айниқса, Америка компаниялари устунликка эга бўлган ривожланаётган юқори технологиялар секторига.

Айни вақтда Россия Ўзбекистоннинг энг йирик савдо шерикларидан бири бўлиб қолмоқда. Москва билан тарихий алоқалар бу муносабатларни қўллаб-қувватлайди. Ўзбекистон аҳолисининг кўпчилиги Россияга ишлаш учун боради ва уйига, оиласига пул жўнатади.

Ходжаев бу алоқаларни «яхши имконият» деб атаган, чунки ўзбекларнинг кўпчилиги рус тилида гаплаша олади. Шунингдек, у Ўзбекистон Европанинг бошқа мамлакатлари билан меҳнат бозорини диверсификация қилиш бўйича иш олиб бораётганини таъкидлаган.

«Бизда бозор иқтисодиёти амалда ва барча инвесторларимизга бир хил шароитлар яратишга ҳаракат қиламиз. Қачонки энг яхши вариантингиз бўлса, сиз уни танлайсиз», — дейди у.

Бош вазир ўринбосари, шунингдек, Ўзбекистон бошқа мамлакатлардан энергетика ва озиқ-овқат каби «иқтисодиётнинг нозик тармоқларига» қилинаётган инвестицияларни диверсификация қилишга ҳаракат қилаётганини, бироқ инфратузилма каби бошқа соҳаларда масъуллар «улар одамлар учун нимани энг яхши деб билса, ўшани» қилаётганини таъкидлади.

«Биз кимга қаерга инвестиция қилишни ўргатадиган даражада бой эмасмиз», — дея қўшимча қилди Жамшид Ходжаев.

Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчиси Фурқат Сидиқов мамлакат АҚШ Молия вазирлиги билан ҳамкорликда АҚШ ва Европадан Россияга санкция остидаги товарлар транзитининг олдини олиш бўйича иш олиб бораётганини айтди.

Аввалроқ ташқи савдо маълумотларига таяниб хабар берганимиздек, сўнгги етти ойда товар айирбошлашнинг секинлашуви ортидан Россия Ўзбекистоннинг асосий савдо шериги мақомини йўқотмоқда. Хитой Ўзбекистон бозорига етказиб бериш ҳажмини кескин ошириб, яна биринчи ўринга кўтарилиб олди. Ўзбекистоннинг ЕОИИ ва МДҲга боғлиқлиги пасайиб, Европа Иттифоқи давлатлари билан савдо алоқалари кенгайди.