2030 йилга бориб Ўзбекистонда ялпи ички маҳсулот ҳажми 160 млрд долларга етиши кутилмоқда. Бу ҳақда 20 май куни давлат-хусусий шериклик масалаларига бағишланган давра суҳбатида Бош вазир ўринбосари, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Жамшид Қўчқоров маълум қилди, дея хабар бермоқда «Газета.uz» мухбири.

«Нега биз давлат-хусусий шерикликни Ўзбекистонда иқтисодий ислоҳотларни жадаллаштириш ва ўсиш суръатларини таъминловчи омиллардан бири деб биламиз? Чунки Ўзбекистон иқтисодиёти сармояга, биринчи навбатда хусусий сармояга муҳтож… ЯИМни 100 млрд долларга етказиш [2026 йилда] ва бошқа мақсадлар хусусий сармояни талаб қилади», — дея таъкидлади у.

2018 йил охирида Молия вазирлиги ҳузурида Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш агентлиги ташкил этилганидан буён Ўзбекистон давлат-хусусий шериклик бўйича 10 млрд долларлик битимлар тузди. Бош вазир ўринбосарининг сўзларига кўра, 2022−2026 йилларда бу кўрсаткични 14 млрд долларга етказиш режалаштирилган.

Жамшид Қўчқоровнинг айтишича, Ўзбекистон сармоя жалб этишда бошқа давлатлар билан рақобатлаша олади.

«Президент раҳбарлигидаги сўнгги беш йил давомида қисқа, аммо жуда яхши иш тажрибасига эга бўлдик. Аммо биз сўнгги 20 йил ва ундан кўпроқ вақт давомида кечиктирилган ва амалга оширилмай келинган кўплаб ислоҳотларни амалга оширдик. Биласизми, кўплаб ҳамкорларимиз ислоҳотларнинг бундай юқори суръатини кутмаган эди», — деди у.

Унинг сўзларига кўра, ДХШ ғояси президент Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган ва Туркия хусусий сармоя киритиш учун қўшимча манбалар ва каналлар изланаётгани боис Туркиянинг бу борадаги тажрибасини ўрганиш бўйича топшириқ берган.

«Биз буни жуда оддий тарзда бошладик, лекин биз бутун ДХШ лойиҳасини силжитиш учун етарли даражадаги орзуларга ва куч-қувватга эга эдик. Ҳозирда кам сонли давлатлар жуда кўп ДХШ лойиҳаларига эга эканликларини айта олишади. Масалан, энергетика соҳасида, коммунал соҳада, шунингдек, биз бошқа соҳаларда ҳам… жумладан, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларида ҳам [лойиҳаларни амалга оширишни] режа қилганмиз», — дея хабар қилди у.

Жамшид Қўчқоров мамлакатни 2030 йилгача бўлган ривожланиш прогнозини ҳам маълум қилди.

«Бизнинг прогнозларимизга кўра, 2030 йилга бориб Ўзбекистон аҳолиси сони 40 млн кишига етади, ялпи ички маҳсулот эса 160 млрд долларни ташкил қилади. Бу эса аҳоли жон бошига тўғри келадиган ЯИМ 4000 АҚШ долларини ташкил этиши кутилмоқда. Халқаро молия институтларидаги ҳамкорларимиз бу жуда катта мақсад, деб айтишди. Ҳа, биз буни тушунамиз. Лекин ўйлаймизки, давлатимиз раҳбари раҳбарлигида бу мақсадга эришамиз», — дея таъкидлади у.

2021 йилда Ўзбекистон ЯИМи 734,6 трлн сўмни ташкил қилди. АҚШ долларида ўртача курс бўйича ҳисобланганда номинал ЯИМ 69,23 млрд долларга етди. Аҳоли жон бошига ЯИМ 1983 долларгача кўтарилди.

2022−2023 йилларда давлат ҳамкорлигида йирик лойиҳаларни амалга ошириш учун хусусий компанияларни жалб этиш бўйича бир қатор тендерлар ўтказилиши режалаштирилган. Мазкур лойиҳалар рўйхати президент Шавкат Мирзиёевнинг 8 апрелдаги қарори билан тасдиқланган.