Шавкат Мирзиёевнинг АҚШга ташрифи арафасида — 15 сентябрь куни Вашингтонда Ўзбекистон-Америка бизнес-форуми бўлиб ўтди. Бу ҳақда Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.

Форумнинг очилиш маросимида Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Жамшид Ходжаев, инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Кудратов, Америка-Ўзбекистон савдо палатаси бошқаруви раиси Кэролин Лэмм, АҚШ Эксимбанки президенти Рета Жо Льюис ва давлат котиби ёрдамчиси ўринбосари Дас Марк Поммершайм сўзга чиқди.

ақш

Унда рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов, икки мамлакатнинг тегишли вазирлик ва идоралари, саноат бирлашмалари, тижорат банклари ва инвестиция тузилмалари раҳбарлари, шунингдек, АҚШнинг АКТ, машинасозлик, қишлоқ хўжалиги, енгил саноат, транспорт, банк иши ва бошқа соҳаларда фаолият юритаётган йирик корпорациялари раҳбарлари иштирок этди.

ақш

Форумда тоғ-кон саноати, кимё ва энергетика саноати, тўқимачилик, қишлоқ хўжалиги, фармацевтика, электроника, ахборот технологиялари каби иқтисодиёт тармоқларидаги ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди.

Бундан ташқари, глобал рақобат, таъминот занжири барқарорлигини таъминлаш, ишбилармонлик муҳитини ривожлантириш, инновацияларни рағбатлантириш, стратегик прогнозлаш, хусусийлаштириш ва молиявий-техник ҳамкорлик масалалари бўйича кўриб чиқилди.

Тадбир якунида энергетика, машинасозлик, АКТ, қишлоқ хўжалиги, молиявий-техник ва илмий-техник ҳамкорлик, тиббиёт ва фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқариш каби соҳаларда 12 та ҳужжат имзоланди, дейилади хабарда.

АҚШ Ўзбекистоннинг ташқи савдо ҳамкорлари рўйхатида 16-ўринни эгаллайди. Ўзбекистон Статистика агентлиги маълумотларига кўра, 2022 йилда мамлакатлар ўртасидаги ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 436,8 миллион долларни, жумладан, Ўзбекистондан экспорт — 68,5 миллион, импорт — 368,3 миллион долларни ташкил қилган. 2023 йилнинг биринчи яримйиллигида товар айирбошлаш 282 миллион долларни, экспорт 78,1 миллион долларни, импорт 203,9 миллион долларни ташкил этди. Ўзбекистонда АҚШнинг 300 та компанияси фаолият юритади, бу 2017 йилдаги кўрсаткичдан икки баравар кўп.