Тоғли Қорабоғдаги воқеалар фонида Ереванда учинчи кундирки оммавий норозилик намойишлари давом этмоқда, деб ёзади News.am. Намойишчилар Арманистон бош вазири Никол Пашиняннинг истеъфосини ва тан олинмаган республикадан кўчириб келинганларни қабул қилишни талаб этмоқда.

Нашрнинг ёзишича, намойишчилар шаҳарнинг марказий кўчаларини тўсиб, «Арцах» (Тоғли Қорабоғнинг арманча номи — таҳр.) ва «Никол — хоин» дея бақирмоқда. Намойишчиларга бир қатор университет талабалари қўшилган.

Armenia Today нашри хабарига кўра, намойишларда қўлга олинганлар сони 84 кишига етган. Барча қўлга олинганлар Арманистон Жиноят кодексининг 182-моддаси (Ҳокимият вакилининг қонуний талабларини бажармаслик) бўйича полиция идорасига олиб кетилган.

Жума куни бўлиб ўтган ҳукумат йиғилишида Пашинян Тоғли Қорабоғ аҳолиси «агар минтақада қолиши мумкин эмаслиги аниқланса», Арманистонга эвакуация қилиниши мумкинлигини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, мамлакатда 40 мингдан ортиқ кўчириладиганлар учун яшаш жойлари тайёрлаб қўйилган.

Шу билан бирга, Арманистон бош вазири «бизнинг „А“ режамиз Тоғли Қорабоғни аҳолидан бўшатиш эмас» дея таъкидлади, унга кўра, Ереван «ватандошларининг ўз уйларида қўрқмасдан, муносиб шароит ва хавфсизликда яшашини» таъминлашга интилмоқда. Пашиняннинг сўзларига кўра, ҳозирда тан олинмаган республикадаги тинч аҳоли ҳаётига бевосита таҳдид йўқ.

Тоғли Қорабоғдаги можаронинг авж олиши 19 сентябрда Озарбайжон тан олинмаган республикада «аксилтеррор операцияси» бошланганини эълон қилиб, жумладан, пойтахт Степанакертни ўққа тута бошлаганидан кейин юз берди.

20 сентябрь куни томонлар ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш бўйича келишувга эришди. Тоғли Қорабоғ ҳукумати Озарбайжоннинг талабларига рози бўлди: тан олинмаган республика армияси тарқатиб юборилади ва унинг ҳудудидан ҳарбий техника олиб чиқилади. Келишувга кўра, маҳаллий аҳолининг реинтеграцияси ва хавфсизлиги масалалари Озарбайжон вакиллари билан учрашувларда ҳал этилади.