Тошкентда поезд вагони устига чиқиб, расмга тушмоқчи бўлган 18 ёшли йигитни 27 минг вольтли ток урди, дея хабар бермоқда MilliyTV телеканалининг «Миллар» дастури.

Воқеа 20 сентябрь куни соат 19:05 да «Ҳамза» темирйўл бекатида содир бўлган. Йигит электр токи уриб, ерга йиқилган. Воқеа жойига етиб келган станция ходимлари жабрланувчига биринчи тиббий ёрдам кўрсатган ва тез ёрдам чақирган.

«Йигит келиб, нарвон орқали тепага чиққан. Навбатчилик пайтимизда 5-йўлда чақнаш содир бўлгани ҳақида хабар келиб тушди. Чиққанида иккита ток уриши юз берган. Ўт ўчириш мосламаси билан биринчи ёрдамни кўрсатдик», — деди «Ҳамза» темирйўл бекати раҳбари ўринбосари Дилшод Ҳамдамов.

Йигит танасининг 98 фоизи ток уриши оқибатида куйгани ва аҳволи оғир экани айтилмоқда. Ҳозирда ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.