21 сентябрь куни Ой уйда АҚШ президенти Жо Байден ва Украина раҳбари Владимир Зеленский ўртасидаги учрашув бўлиб ўтди. Шундан сўнг АҚШ етакчиси Украинага 325 миллион долларлик янги ҳарбий ёрдам пакетини эълон қилди, дея хабар берди мамлакат Мудофаа вазирлиги.

Пентагон берган хабарда ёрдам пакети, хусусан, Avenger зенит комплекси, AIM-9M ҳаво мудофаа ракеталари, Javelin танкка қарши комплекси ва яна бир Hawk ҳаво мудофаа батареясини ўз ичига олиши айтилган. Шунингдек, Украина бир неча турдаги ўқ-дорилар ҳам олиши кутилмоқда.

Рўйхатда HIMARS учун 300 километр масофага учадиган ATACMS ракеталари киритилмаган. Аввалроқ Украина ҳукумати бир неча бор АҚШдан бу турдаги ракеталарини тақдим этишни сўраган ва Украина Қуролли кучлари улардан Россия ҳудудидаги нишонларга ҳужум қилиш учун фойдаланмаслигини таъкидлаганди.

Қўшма Штатлар Украинага ушбу ёрдам пакетини жорий молиявий йил бюджетидан тақдим этади. Бироқ Украинага кейинги ҳарбий ёрдам кўрсатиш учун Байден администрацияси Конгрессининг қўллаб-қувватлашига яна бир бор эришиши керак бўлади. Конгрессда бир қатор депутатлар бюджет харажатларининг амалдаги тақсимотидан рози эмаслигини очиқ эълон қилган.

Зеленский билан учрашувдан сўнг Байден АҚШ эркинлик ва мустақиллик учун қанча лозим бўлса, шунча ёрдам беришини яна бир бор таъкидлади.

«Қўшма Штатлар жасур Украина халқи билан бирга туришда давом этади. Бу шунчаки Украина келажагига сармоя эмас. Балки келажакда бутун дунёда мустақиллик, суверенитет ва ҳудудий яхлитлик тамойиллари ҳурмат қилинишига бўлган сармоядир», — деган АҚШ президенти.