Фарғона вилояти Фурқат туманида электробуслар ишлаб чиқарилиши режалаштирилмоқда. Бу бўйича вилоят делегациясининг Хитойга қилган ташрифи доирасида келишувга эришилган. Бу ҳақда Фарғона вилояти ҳокимлиги хабар қилди.

Ташрифи давомида жами 32 та, шундан умумий қиймати 1,37 млрд доллар бўлган 29 та инвестициявий келишув ва савдо шартномалари имзоланди.

Хусусан, DongFeng Special Car Сompany билан имзоланган келишув бўйича Фурқат туманида 2 босқичда йиллик қуввати 1000 дона, қиймати 100 млн долларлик электробуслар ишлаб чиқариш лойиҳаси амалга оширилади. Бу лойиҳа ортидан қиймати 50 млн долларлик электромобилларни қувватлаш ускуналарини ишлаб чиқариш лойиҳасини амалга ошириш учун Tunghsu Group компанияси, қиймати 30 млн долларлик Dongfeng электробусларига аккумуляторлар ишлаб чиқариш лойиҳаси билан Jiangxi Anchi New Energy Technology Co. Ltd компаниялари Фарғона вилоятига кириб келади.

Саноат соҳасида мисдан тайёр маҳсулот, қишлоқ хўжалиги техникаси, болалар тагликлари, кафель, керамогранит, темир профиллар ишлаб чиқариш каби йўналишларда умумий қиймати 112 млн доллар бўлган 7 та лойиҳа доирасида келишувлар имзоланди. Бунда Jianhua Ceramics компанияси томонидан «Қўқон» ЭИЗ ҳудудида амалга ошириладиган қиймати 25 млн долларлик юқори сифатли ва турли ўлчовдаги кафеллар ишлаб чиқариш лойиҳасини алоҳида қайд этиш лозим.

Чарм-пойабзал ва мебелсозлик бўйича умумий қиймати 26 млн доллар бўлган 7 та, шу жумладан, Фошан шаҳар мебелчилар уюшмасига аъзо корхоналар томонидан Тошлоқ туманида лойиҳа қиймати 10 млн доллар бўлган мебель ишлаб чиқариш корхонаси ва шоурум қуриш бўйича ҳужжатлар имзоланди.

Бағдоддаги White Chicken House МЧЖ ва Хитойнинг China Broken Shield Ltd компаниялари ўртасида парранда гўштлари ва иккиламчи қисмларини Хитойга экспортини йўлга қўйиш учун инвестиция киритиш (5 млн доллар), мавжуд объектни мослаштириш бўйича келишувга эришилди.

Юқоридагилардан ташқари, сунъий балиқ ҳавзаларига интенсив технологияни қўллаб ҳосилдорликни ошириш, ҳамда балиқчилик ҳовузлари устига қуёш панеллари ўрнатиш бўйича Taijia Industry (Shenzhen) Co., Ltd компанияси билан музокаралар олиб борилди. Компания раҳбари бошчилигида инвесторлар гуруҳи келгуси ойларда Фарғона вилоятига келиб ўрганиш ишларини бошлайди.