ИИВ ЖХД Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати, Транспорт вазирлиги ҳамда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги Ўзбекистон аҳолисини 22 сентябрь — Бутунжаҳон автомобилсиз кунига қўшилишга чақирди.

Шу куни шахсий автомашиналар ўрнига атмосферага камроқ зарар етказувчи ва саломатлик учун фойдалироқ транспорт турларидан — велосипед ва жамоат транспортидан фойдаланиш, пиёда юриш таклиф қилинмоқда.

Ўзбекистонда бу кун 2021 йилдан буён расман нишонланади. Ушбу кунда шахсий автомобиллардан воз кечиш тавсияси ҳукуматнинг 2022 йил ноябрдаги «Аҳолининг соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва жисмоний фаоллигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорида келтирилган.

Бироқ ундан олдин ҳам мамлакат глобал акцияда иштирок этган. 2019 йилда Тошкентда Европа мобиллик ҳафталиги доирасида илк бор Учтепа туманидаги бир неча километр кўчалар пиёдалар ҳудудига айлантирилди.

2018 йилдан ҳукумат қарори билан Ўзбекистонда ҳар жума «Йўл ҳаракати хавфсизлиги куни» деб эълон қилинди ва «Автомобилсиз кун» акцияси ҳар ойда бир марта ўтказилиши белгиланди. Бироқ мазкур акция асосан тавсия даражасида қолмоқда.

Аҳолига автомобилларсиз ҳам шаҳарлар бўлиши мумкинлигини кўрсатиш учун кўчалар ёпиладими ёки бу йил қандайдир тадбирлар режалаштирилаётгани ҳақида расман ҳеч нарса эълон қилингани йўқ.

«Автомобилсиз кун» Ўзбекистонда бешинчи бор эълон қилинган Европа ҳаракатланиш ҳафталигини якунлайди. Бу йил Европа Иттифоқининг ушбу ташаббуси 40 дан ортиқ мамлакатларда, жумладан, бошқа қитъаларда 2600 дан ортиқ шаҳарларни қамраб олди.