Ўзбекистон ҳукумати ҳокимиятларга коммунал хизматлар тарифларини қайта кўриб чиқишни тавсия қилди. Бу Вазирлар Маҳкамасининг 15 сентябрдаги ёқилғи-энергетика тармоғида бозор механизмларини босқичма-босқич жорий этиш тўғрисидаги қарорида назарда тутилган.

Вазирлар Маҳкамаси Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари ва Тошкент шаҳри ҳокимиятларига иссиқлик таъминоти, сув таъминоти ва канализация хизматлари, шаҳар йўловчи транспортида (таксилардан ташқари) йўловчиларни ташиш хизматлари учун янги тарифларни белгилашни тавсия қилмоқда.

Шу билан бирга, жорий куз-қиш мавсумида аҳоли учун иссиқлик таъминоти хизматлари нархи ошмаслиги қайд этилган.

Иқтисодиёт ва молия вазирлигига тарифларни қайта кўриб чиқишда нархларнинг асоссиз ошиб кетишига йўл қўймаслик топшириғи берилган.

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Идоралараро тариф комиссиясига 2023 йил 1 октябрдан бошлаб қуйидагиларни қайта кўриб чиқиш топширилган:

  • табиий газ ва электр энергиясини ишлаб чиқариш, узатиш, тақсимлаш, сотиш тарифларини ҳамда иссиқлик энергиясини ишлаб чиқариш тарифларини;
  • электр ва иссиқлик энергияси, шунингдек, табиий газ истеъмолчиларидан ва улгуржи қайта сотувчилардан тушадиган маблағларни тақсимлаш тартибини;
  • темир йўл транспортида юк ва йўловчиларни ташиш хизматлари ва бошқа тарифларни.

Аввал хабар берганимиздек, 2023 йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистон Давлат бюджетидан айрим хизматлар учун тарифларнинг пасайтирилган экани туфайли кўрилган зарарларни қоплаш учун 10 трлн сўмдан ортиқ маблағ ажратилган. Иссиқлик таъминоти корхоналарига 901,9 млрд сўм ажратилган, бунинг 92 фоизи Тошкент шаҳри ҳиссасига тўғри келади. Газ нархидаги тафовутни қоплаш учун 8,8 трлн сўм ажратилди. «Тошшаҳартрансхизмат» акциядорлик жамияти Тошкент шаҳрида йўловчиларни пасайтирилган тарифларда ташигани учун тафовутни қоплаш мақсадида бюджетдан 220,9 млрд сўм олди, «Тошкент метрополитени»га 96,7 млрд сўм ажратилди.

Эслатиб ўтамиз, август ойида Ўзбекистоннинг учта вилоятида ичимлик суви тарифлари оширилганди, Самарқандда эса жамоат транспортида йўлкира нархлари ўзгарганди. 1 октябрдан бошлаб йирик корхоналар, бюджет ташкилотлари, компаниялар ва бошқа юридик шахслар учун электр энергияси ва газ нархи ошади. Аҳоли учун тарифлар ҳозирча ўзгаришсиз қолмоқда, бироқ улар ҳам 1 майдан бошлаб оширилиши мумкин.