Самарқанд шаҳридаги жамоат транспорти — автобуслар, электробуслар ва трамвайларда йўл ҳақи 8 сентябрдан бошлаб нақд ва банк картаси орқали тўлашда 1400 сўмдан 2000 сўмга оширилади. Бу Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимовнинг 6 сентябрдаги қарорида назарда тутилган.

Транспорт картаси билан тўлашда йўл ҳақи 1600 сўмни ташкил қилади.

Қарор, шунингдек, бир соат ичида бир йўналишдаги транспортдан бошқасига ўтишлар сонига қараб чегирмалардан фойдаланишни назарда тутувчи мослашувчан тарифларни ҳам жорий этади.

Масалан, биринчи автобусда транспорт картасидаги йўл ҳақи 1600 сўм бўлса, иккинчисига ўтганда 400 сўм, учинчи ва ундан кейингиси бепул бўлади. Учинчи ўтиш трамвайга бўлса, йўл ҳақи 1000 сўмни ташкил этади.

тарифлар, самарқанд, жамоат транспорти

Агар йўловчи дастлаб трамвайда (транспорт картаси бўйича 1600 сўм) кетса, у ҳолда автобусга биринчи ўтиш 1000 сўм, иккинчисига — 400 сўм, учинчи ва ундан кейингисига — бепул амалга оширилади.

Чексиз кунлик тарифлар (автобус + электробус) 6000 сўм, 5 кунлик — 23 минг сўм, 7 кунлик — 30 минг, 10 кунлик — 47 минг ва ҳоказо. Чексиз тариф (автобус + электробус + трамвай) кунига 7000 сўмни ташкил қилади. Пенсионерлар, ногиронлар ва талабалар учун 50% чегирма тақдим этилади.

Тошкентда 1 апрелдан янги тарифлар (ўтишларда чегирмалар билан) жорий этилиши режалаштирилганди, бироқ қарор кучга кириши август ойига қолдирилган. Аммо ҳозирча бу бўйича ўзгариш амалга оширилмади. Бунинг сабаблари маълум қилинмаган.