Ўзбекистон Иқтисодиёт ва молия вазирлиги биринчи ярим йилликдаги бюджет ижроси бўйича ҳисоботида айрим давлат компаниялари зарарини қоплаш учун давлат бюджетидан қанча маблағ ажратилаётгани ҳақида маълум қилди.

Аввал хабар берганимиздек, 2023 йилнинг олти ойида давлат бюджети даромадлари 102,3 триллион сўмни (ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 11,1 фоизга кўп) ташкил этди, харажатлари 129,1 триллион сўмдан ошди (+25,3 фоиз). Яъни, давлат харажатлари даромадлардан икки баравар тез ўсиб бормоқда. Бюджет тақчиллиги 27,4 триллион сўмни (ялпи ички маҳсулотга нисбатан 5,83 фоиз) ташкил этди.

Январь-июнь ойлари давомида ички бозорда газни улгуржи сотиб олиш ва сотишга ихтисослашган UzGasTrade акциядорлик жамиятининг йўқотишларини қоплаш ва жорий фаолиятини молиялаштириш учун олти ой давомида 8,8 триллион сўм йўналтирилди. Гап табиий газни бозор нархида сотиб олиш ва ички бозорда тартибга солинадиган тарифлар бўйича сотишда юзага келган фарқни қоплаш ҳақида бормоқда.

давлат бюджети, газ, иссиқлик таъминоти

Эслатиб ўтамиз, ушбу схема туфайли Ўзбекистон Корея Республикасидан 1 миллиард доллар қарздор. Ўзбекистоннинг газ ишлаб чиқарувчи бошқа хорижий компаниялардан ҳам қарзи бор. Жорий йилда йўқотишларни қоплаш учун жами 14,2 триллион сўм ажратилган.

Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш харажатлари 492,9 миллиард сўмдан 1,04 триллион сўмгача ошган. Хусусан, иссиқлик таъминоти корхоналарининг аҳолига иссиқлик таъминоти учун арзонлаштирилган тарифлар қўлланилиши оқибатида кўрган зарарларини қоплашга 901,9 миллиард сўм йўналтирилди, бу ўтган йилнинг шу даврига (306,8 миллиард) нисбатан қарийб уч баробар кўпдир. Ушбу сумманинг 92 фоизи Тошкент шаҳрига тўғри келади, бунда йўқотишлар 3,5 баробарга — 240,1 миллиард сўмдан 823,1 миллиард сўмгача ошган.

«Тошшаҳартрансхизмат» акциядорлик жамиятига Тошкент шаҳрида йўловчиларни имтиёзли тарифлар бўйича ташишда кўрилган зарарни қоплаш учун бюджетдан 220,9 миллиард сўм ажратилди.

Тошкент метрополитенининг арзон тарифлар туфайли кўрган зарари 96,7 миллиард сўмни ташкил этди.

Давлат эҳтиёжлари учун ер участкалари олиб қўйилиши муносабати билан жисмоний ва юридик шахсларга етказилган зарарни қоплаш учун 294,6 миллиард сўм ажратилди.