Коррупцияга қарши курашиш агентлиги Туризм қўмитаси ҳузуридаги Milliy PR-markazi давлат унитар корхонаси директори Дилфуза Самандарованинг тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётгани ҳақидаги хабарни ўрганиб чиқди.

Агентлик матбуот хизматининг хабар беришича, унинг Avtoimkon trade МЧЖ таъсисчиларидан бири экани тасдиқланган. Самандарова Avtoimkon trade МЧЖнинг 50 фоиз улушига эгалик қилади.

Дилфуза Самандарова 2023 йил сентябрь ойида Instagram`да Тошкент шаҳар марказида жойлашган LBOS Jewellery кумуш тақинчоқлар дўкони асосчиси эканлигини баён қилган ва ушбу дўконнинг ижобий хусусиятларини реклама қилган. Ҳозирда бу видео ўчирилган. Бу ҳақида блогер Никита Макаренко ўзининг Telegram каналида ёзганди.

«Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида»ги қонунининг 13-моддасига асосан, давлат фуқаролик хизматчиси тадбиркорлик фаолияти субъектларини ташкил этишга, уларнинг муассиси (иштирокчиси) бўлишга, тадбиркорлик фаолияти субъектида ташкилий-бошқарув, маъмурий-хўжалик вазифаларини бажаришга ҳақли эмаслиги белгиланган.

Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг «Давлат фуқаролик хизматчилари томонидан одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этилишини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги 595-сон қарори билан тасдиқланган «Давлат фуқаролик хизматчилари одоб-ахлоқининг намунавий қоидалари»нинг 13-бандида давлат хизматчилари ишдан ташқари вақтда тадбиркорлик ёки ҳақ тўланадиган бошқа фаолият билан (педагогик, илмий ва ижодий фаолиятдан ташқари) шуғулланмаслиги белгиланган.

Агентлик томонидан юқоридаги ҳолатларни бартараф этиш бўйича 2023 йил 19 сентябрь куни Туризм қўмитаси ва унинг ҳузуридаги Milliy PR-markazi давлат унитар корхонасига тақдимнома киритган.

«Газета.uz» бу ҳолат юзасидан 18 сентябрь куни Milliy PR-markazi матбуот хизмати билан боғланганди. Корхона Дилфуза Самандарова билан боғлиқ тарқалаётган хабарлар ҳақиқатга тўғри келмаслигини қайд этиб, уларни рад этганди. Шунингдек, Milliy PR-markazi бу бўйича расмий муносабат берилишини қўшимча қилди.