Тошкент шаҳридаги тиббиёт муассасаларида давлат тиббий суғуртаси механизмларини босқичма-босқич жорий этиш 2024 йил 1 январдан бошланади. Бу «Ўзбекистон — 2030» стратегиясини жорий йилда амалга ошириш тўғрисидаги президент қарорида кўзда тутилган.

Тиббий суғурта давлат томонидан кафолатланган бепул тиббий хизматлар ҳажми ва дори воситалари рўйхатини амалиётга киритишни назарда тутади.

Шу кундан бошлаб ногиронлиги бўлган шахсларни протез-ортопедия буюмлари, реабилитация ҳамда дори воситалари билан таъминлаш ишлари «ваучер» тизими асосида босқичма-босқич ташкил этилади. Бунда ногиронлиги бўлган шахсларга товар ва хизматларни ўзлари танлаган етказиб берувчидан харид қилиш имконияти яратилади ва уларнинг харажатлари давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қопланади.

2024 йилдан онкогематологик касалликларга чалинган болалар учун Болалар гематологияси, онкологияси ва клиник иммунологияси маркази ҳамда Болалар миллий тиббиёт марказида гемотопоэтик суяк кўмиги ўзак ҳужайралари трансплантацияси амалиёти жорий этилади.

Шунингдек, вирусли гепатитнинг С тури билан касалланган беморларни ҳамда гемотопоэтик суяк кўмиги ўзак ҳужайралари трансплантацияси муолажасига муҳтож онкологик касалликларга чалинган болаларни тўлиқ давлат бюджети маблағлари ҳисобидан даволаш йўлга қўйилади.

Тиббий суғуртани жорий этиш бўйича ҳаракатлар

Президентнинг 2017 йил апрелдаги «Соғлиқни сақлаш соҳасида хусусий секторни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида мамлакатда мажбурий тиббий суғурта тизимини жорий этиш ва тегишли қонунни ишлаб чиқиш режалари муҳокама қилинганди.

Президентнинг 2018 йилдаги қарори билан 2021 йил 1 январдан бошлаб мажбурий тиббий суғуртани босқичма-босқич жорий этиш кўзда тутилганди.

Давлат раҳбари 2020 йилнинг ноябрь ойида Сирдарё вилоятида соғлиқни сақлаш тизимини ташкил этишнинг янги модели ва давлат тиббий суғуртаси механизмларини жорий этиш бўйича пилот лойиҳани амалга ошириш тўғрисидаги қарорни имзолаган. Айни шу ҳужжатга мувофиқ, 2020 йил 1 декабрдан бошлаб Давлат тиббий суғурта жамғармаси ташкил этилган.

2022 йил декабрь ойида президент ўз мурожаатномасида давлат тиббий суғуртасига ўтиш жараёни жадаллаштирилишини ва у 2023 йилдан Тошкент шаҳрида, кейинроқ бошқа ҳудудларда ҳам жорий этилишини таъкидлаганди.

Йил бошида бу сана 1 июль деб эълон қилинган. Соғлиқни сақлаш вазирлиги июль ойидан бошлаб Тошкент шаҳрида давлат тиббий суғуртаси механизмларини жорий этишни маълум қилган. Шу мақсадда тиббиёт муассасаларини рақамлаштириш ишлари бошлаб юборилган.

Президентнинг сентябрдаги қарори билан Ўзбекистонда тиббий суғуртани жорий этишни якунлаш муддати 2026 йил охири этиб белгиланди. Давлат тиббий суғурта жамғармаси 2024 йилдан Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимига ўтказилади, 2027 йилдан эса мустақил жамғармага айланади.

12 сентябрь куни Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси ижро этувчи директори вазифасида фаолият кўрсатиб келаётган Фаррух Шарипов соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари этиб тайинланди.