2023 йилдан бошлаб Тошкент шаҳри ва Навоий вилоятида тиббий суғурта тизими йўлга қўйилади. Бу ҳақда 4 январь куни Соғлиқни сақлаш вазирлигида ўтган ҳайъат йиғилишида айтилди, дея хабар бермоқда вазирлик матбуот хизмати.
Пойтахтда тиббий суғурта жорий этилиши ҳақида президент 2022 йилда парламнтга йўллаган мурожаатномада айтиб ўтганди. Навоий вилоятини эса вазирлик ўзига мажбурият сифатида жалб қилди.

Бунинг учун:

  • бир ой муддатда тиббий суғурта тизимини жорий этиш бўйича қарор ишлаб чиқилади;
  • Тошкент шаҳридаги 72 та поликлиника ва 40 та шифохонани компьютер жиҳозлари, зарур тиббий ускуналар билан таъминлашга 30 млрд сўм йўналтирилади;
  • 1 июлдан тиббий суғурта тизими механизмлари жорий этилади.

Бунда тиббиёт муассасалари тўлиқ рақамлаштирилади. Ҳар бир бемор қачон, қаерда ва қандай даволаниши ҳақида аниқ маълумотга эга бўлади.

Бундан ташқари, 2023 йилда маҳаллий ҳокимликлар билан биргаликда яна 1 008 та объектда 4 427 кВт. қувватга эга қуёш панеллари ўрнатилади.

«Тиббиёт муассасаларини узлуксиз электр энергияси билан таъминлаш мақсадида жами 437 та дизель генератори харид қилинди. Уларнинг барчаси январь-февраль ойларида жойларга етказиб берилади», — деди вазир.

Ҳозир 107 та тиббиёт муассасасига 124 кВт қувватга эга қуёш панеллари, 4 400 литр ҳажмдаги қуёш сув иситиш қурилмалари ўрнатилди.

Соғлиқни сақлаш тизимига ажратилган маблағлар доирасида жами 425 та (шундан 375 таси маҳалла тиббиёт пунктлари ҳамда 50 таси оилавий шифокорлик пунктлари ҳамда оилавий поликлиникалар учун мўлжалланган) 2 352 кВт қувватга эга қуёш панеллари харид қилинди ва улар жорий йилнинг биринчи чорагида ўрнатиб, ишга туширилади. Ҳозирда вазирликнинг маъмурий биносига 100 кВт қувватга эга қуёш панелларини ўрнатиш ишлари кетяпти.