Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги оилавий поликлиникада рўйхатдан ўтмаган аҳолига давлат тиббий суғурта тизими доирасида хизматлар пулли тақдим этилиши ҳақидаги хабарларни рад этди.

«Интернетда тарқалган хабарлар мутлақо асоссиз. Норматив ҳужжатларга кўра, республиканинг барча фуқароларига давлат томонидан кафолатланган тиббий хизматлар бепул тақдим этилади», — дейилади хабарда.

«1 июлдан Тошкент шаҳридаги 71 та оилавий поликлиника, 12 та кўп тармоқли марказий поликликлиника ва 40 та шифохона компьютер жиҳозлари, зарур тиббий ускуналар билан таъминланиб, тиббиёт муассасаларини тўлиқ рақамлаштириш учун барча шароитлар яратилди, дея таъкидлади», — Соғлиқни сақлаш вазирлиги.

Тизим ишга туширилгач, фуқаролар давлат бюджети маблағлари доирасида кафолатланган тиббий ёрдам олиш имкониятига эга бўлади. Шахсий маълумотлар, ташхис, касалликлар, олган муолажалар ҳақида тўлиқ маълумотлар киритилиб, шифокор шу асосда беморни назоратга олади.

Шунингдек, беморлар дори воситаларининг рецептларини электрон шаклда олишлари мумкин бўлади. Бу оилавий поликлиникалардаги навбатларни камайтиради, дея таъкидлади вазирлик.

Поликлиникага шахсий ташриф

Тизимда рўйхатдан ўтиш учун Тошкент шаҳри аҳолиси ўз оилавий шифохоналарига ташриф буюрганида бир марта идентификациядан ўтиши керак. «Электрон поликлиника» тизимига маълумотларни киритиш учун шахсни тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этиш лозим.

«Агар телефон орқали кимдир ўзини оилавий поликлиника ходими дея таништирса ва сиздан ўзингиз ҳамда оила аъзоларингиз паспорти ва фарзандларингизнинг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномалари нусхаларини интернет тармоғи орқали узатишни сўраса, буни рад этинг», — дея огоҳлантирди Соғлиқни сақлаш вазирлиги.

«Оилавий поликлиника ходимлари телефон орқали сиздан паспорт маълумотларини тасдиқлаш учун вақт ажратишингиз ва тиббиёт муассасасига шахсан келишингизни сўрайди», — дейилади хабарда.

Бирламчи тиббий-санитария ёрдам муассасаларига бириктириш вояга етган шахс томонидан амалга оширилади. Вояга етмаган шахсларни бириктириш унинг ота-онаси ёки бошқа қонуний вакиллари томонидан бажарилади.