2026 йилнинг якунига қадар республика бўйлаб тиббий суғурта тўлиқ жорий этилиши режалаштирилмоқда. Бу президент Шавкат Мирзиёевнинг 6 сентябрдаги Соғлиқни сақлаш вазирлиги фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарорида белгиланди.

Фармонга кўра, соғлиқни сақлаш вазири ва жамғарма ижрочи директори 2026 йилнинг якунига қадар тиббий суғуртанинг республика бўйлаб тўлиқ жорий этилиши учун шахсан жавобгар ҳисобланади.

2024 йил 1 январдан бошлаб Давлат тиббий суғурта жамғармаси мустақил юридик шахс мақоми ҳамда фаолиятини молиялаштиришнинг амалдаги манбалари ва тартиби сақлаб қолинган ҳолда ССВ тузилмасига ўтказилади.

2027 йил 1 январдан ССВ таркибидан чиқади ва мустақил жамғарма сифатида фаолият юритади.

Жамғарма кузатув кенгаши тиббий ёрдамнинг кафолатланган ҳажми доирасида тиббий хизмат кўрсатиш учун жалб қилинадиган етказиб берувчилар (давлат ва нодавлат)ни, харид қилинадиган тиббий ёрдамлар ҳажмини мустақил белгилайди ва ўз бюджетини шакллантиради.

2017 йил апрель ойида президентнинг «Соғлиқни сақлаш соҳасида хусусий секторни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида Ўзбекистонда мажбурий тиббий суғурта тизимини жорий этиш ва қонун лойиҳаси концепциясини ишлаб чиқиш муҳокама қилинганди.

Президентнинг 2018 йил декабрдаги қарорида 2021 йил 1 январдан бошлаб мажбурий тиббий суғурта тизимини босқичма-босқич жорий этиш кўзда тутилган.

2020 йил ноябрь ойида давлат раҳбарининг «Соғлиқни сақлаш тизимини ташкил этишнинг янги модели ва давлат тиббий суғуртаси механизмларини Сирдарё вилоятида жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори имзоланган. Худди шу ҳужжатга кўра, 2020 йил 1 декабрдан Давлат тиббий суғурта жамғармаси ташкил этилган.

2022 йил декабрь ойида президент парламентга йўллаган мурожаатида давлат тиббий суғуртасига ўтиш жадаллаштирилишини, 2023 йилдан Тошкент шаҳрида, кейинроқ бошқа вилоятларда ҳам жорий этилишини маълум қилганди. Йил бошида бу сана 1 июль деб эълон қилинган. Бунда тиббиёт муассасалари тўлиқ рақамлаштирилиши айтилганди.