Биз йўқотаётган боғ
Мутахассислар — Тошкентни кўкаламзорлаштириш муаммолари ҳақида
Биз йўқотаётган боғ. Мутахассислар — Тошкентни кўкаламзорлаштириш муаммолари ҳақида
Ўзбекистон пойтахти «Тошкент — боғ-шаҳар» ғояси устига қурилган. Бироқ кенг кўламли қурилишлар, дарахтларни кесиш, уларни нотўғри парваришлаш ва аҳоли саломатлиги билан боғлиқ муаммолар кўкаламзорлаштиришнинг ўз ечимини кутаётган тизимли муаммоларидан далолат бермоқда, дейди мутахассислар. Акс ҳолда, биз ўзимиз яшаётган боғни йўқотамиз.
Ўзбекистон пойтахти «Тошкент — боғ-шаҳар» ғояси устига қурилган. Бироқ кенг кўламли қурилишлар, дарахтларни кесиш, уларни нотўғри парваришлаш ва аҳоли саломатлиги билан боғлиқ муаммолар кўкаламзорлаштиришнинг ўз ечимини кутаётган тизимли муаммоларидан далолат бермоқда, дейди мутахассислар. Акс ҳолда, биз ўзимиз яшаётган боғни йўқотамиз.
Россия императори Павел Биринчи 1800 йилда Марказий Осиёга кончилик бўйича муҳандис, жосус Тимофей Бурнашев ва чегара хизмати зобити Михайло Поспеловдан иборат махфий делегация жўнатади. Улар Тошкентга кириб келар экан, остида бир текис пастак биноларни яширган «бепоён боғ» қаршисидан чиқади. Чойхона, мадраса ва масжидлар узра қад кўтарган узумзорлар, тутлар ва қайрағочлар саёҳатчиларда катта таассурот қолдиради. Улар аҳоли дарахт ва буталарни кўчаларга эмас, ўз ҳовли ва томорқаларига экишларини пайқайди.
Қўқондаги хусусий ҳовли.
Манба: «Ўрта Осиё шаҳарларини кўкаламзорлаштириш», Залесская.
Тарихий манбалар шуни кўрсатадики, Тошкентда йирик кўчаларни кўкаламзорлаштириш маданияти ва имконияти мавжуд бўлмаган. Совет меъмори Любовь Залесская ўзининг «Ўрта Осиё шаҳарларини кўкаламзорлаштириш» китобида қайд этишича, шаҳарларнинг «тор муюлишли» эски қисмларида, шу жумладан, Тошкентда ҳам «деярли барча яшилликлар хусусий ҳовлилар, томорқалардан жой олган».

Кўкаламзорлаштириш маданияти Туркистон ўлкасининг Россия империяси томонидан мустамлака қилиниши билан кириб келган. Зелесскаянинг ёзишича, Тошкентнинг янги, Европа қисмида «ўтиш жойлари узра баҳайбат қайрағочлар шохлари „ўримидан" узлуксиз туннел ҳосил бўлади, мирзатеракларнинг тик ёрқин таналари кўчани безаб турган устунлар сафини эсга солади. Кенг тожли чинорлар, эманлар, заранглар, каштанлар кўчаларга қуюқ соя ташлаб туради».
Эски ва янги Тошкент 1914 йил харитасида. Қизил ранг — бино-иншоотларни, яшил ранг — яшил майдонларни ифодалайди.
Манба: Осиё Россияси Атласи
1966 йилги зилзила бир ярим миллион дарахтни йўқ қилди ва Тошкентни кўкаламзорлаштириш тарихида янги даврни бошлаб берди. Бош режа муаллифлари нафақат аҳолини «квадрат метр» билан таъминлаш, балки дарахтларга ҳам эътибор қаратишни ўз олдиларига мақсад қилиб қўйишди.

Лойиҳачилар Тошкентнинг яшил белбоғини магистрал каналлар, биринчи навбатда, Бўзсув атрофида барпо этдилар. Яшил майдонларни киши бошига 30 квадрат метрга, аҳоли дам олиши учун истироҳат боғлари ва сув омборлари ҳудудини эса 8 минг гектаргача ошириш режалаштирилган эди. Улар пойтахтни умумий майдони 25 минг гектар бўлган яшил чизиқ билан қамраб олиш истагида эди.

Лойиҳачилар ўз режаларини амалга ошира олдими ёки йўқ — «Газета.uz» буни аниқлашга муваффақ бўлмади. Бироқ, бир нарса аниқ: пойтахт лойиҳачиларига «Тошкент — боғ-шаҳар, каналлар тармоғи кесиб ўтган, атрофи истироҳат боғлари ва дарахтзорлар билан ўралган гўзал бинолар шаҳри», деган ғоя туртки бўлган. «Газета.uz» мухбири Жаҳонгир Азимов нима учун Тошкент боғ-шаҳардан тош-шаҳарга айланиб бораётганини таҳлил қилди.
реклама
реклама
Маълумот борми?
Дарахтларнинг кесилиши, ҳавода чанг концентрациясининг ошиши, амалда ишламайдиган мораторий замонавий Тошкент учун одатий ҳолга айланди. Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов яқинда «Газета.uz»га берган интервьюсида Ўзбекистондаги экологик вазиятни «жуда оғир» деб атади.

Тошкентни кўкаламзорлаштириш бўйича ҳар йили бир қанча меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинади, расмийлар ҳайратланарли даражада кўп сонли дарахт экиш режалари ҳақида сўз юритадилар. Улар томонидан янграган ва ҳужжатларда қайд этилган рақамлар бир-биридан кескин фарқ қилади, бу эса ишончли маълумотларнинг мавжуд эмаслигидан далолат беради.
Тошкент шаҳридаги дарахтлар сони ва яшил майдонлар ҳақида аниқ маълумотлар мавжуд эмаслигига қарамай, шаҳарда яшиллик сезиларли даражада камайганлигига мутахассислар ва пойтахт аҳолисининг ишончи комил.

«Ҳамма нарса пулга бориб тақалади, — дейди «Газета.uz»га Ўзбекистон ландшафт санъати уюшмаси раиси Татьяна Югай. — Шаҳарда ер — жуда катта пул туради. Истироҳат боғлари ичида меҳмонхоналар, болалар майдончалари, турар-жой мажмуалари қурилмоқда».

Ўзбекистонда қурилиш майдонлари учун ҳудудларни тозалашда бутун бошли ўрмонлар кесилмоқда. 2019 йилнинг атиги 9 ойида Экология давлат қўмитаси томонидан қурилиш эҳтиёжлари учун 63,5 минг туп дарахтни кесишга рухсат берилган — ва бу фақат қонун доирасидагиси.

Кесилган ўсимликларнинг ўрнини қоплаш учун янги дарахтлар экиш, камдан-кам истиснолардан ташқари, ҳисобдорлик учунгина амалга оширилади. Ҳатто шаҳарларимизга боғларни қайтариш бўйича ишлаб чиқилган «Яшил макон» миллий дастурида ҳам йилига 200 миллион тупдан дарахт экиш вазифаси қўйилган, уларни ўстириш эмас. Шунинг учун дарахтлар кўпинча суғориш муаммосини ҳал қилмаган ҳолда ўтқазилмоқда.

Ўрмон хўжалиги институти илмий котиби Баҳрам Мамутовнинг «Газета.uz»га маълум қилишича, шахсий кузатувларига кўра, пойтахтда икки метр баландликдаги «вояга етган» кўчатлар экилмоқда, бироқ суғорилмай қолаётгани уларнинг қизиб кетишига сабаб бўлмоқда. Ноодатий иссиқ ҳарорат кузатилган 2023 йилнинг июнь ойида, ҳатто вояга етган дарахтларнинг барглари ҳам иссиқдан ва сувсизликдан қовжираб қолди. Шундай экан, илдиз тизими ривожланмаган ва ҳали ер ости сувларигача етиб боролмайдиган ёш дарахтлар ҳақида нима ҳам дейиш мумкин?!

Татьяна Югайнинг сўзларига кўра, Тошкентда дарахтлар ёмғирлатиш усулида суғорилади — уларга сув фавворалардан ёмғирдек сепилади. Бироқ, бу усул дарахтларни эмас, кўпроқ майсазорларни суғориш учун мос, дейди мутахассис.
Янги кўчатлар ва ўсимликлар ёмғирлатиш усули билан суғорилмоқда.
Сурат соат 14:51 да, «Беруний» метро бекати чиқиш жойида олинган.
«Ёмғирлатиш ўсимликларнинг илдизларини озиқлантирмайди ва уларни заиф қилиб қўяди. Кўчатлар ва ёш дарахтлар пуркаш орқали сув ичганида, уларнинг илдизлари ер ости сувларига чуқурроқ кириб бориш ўрнига сув излаб юқорига кўтарилади. Бу сиртда жойлашган илдизларни заифлаштиради. Қишда бундай илдиз тизимига эга дарахтлар қорнинг оғирлигидан эгилиб қолиши мумкин. Дарахтларни сув ташувчилар воситасида суғориш ҳам самарасиз, чунки сув илдизгача етиб бормайди», — тушунтиради Татьяна Югай.
Ўзбекистоннинг шаҳар ва қишлоқларида кўкаламзорлаштириш бўйича қўлланма ёзган биолог олимлар Игорь Кузьмичев ва Владимир Печеницин ҳам «суғориш машиналари воситасида суғориш тупроқнинг талаб даражасидаги чуқурликда намланишини таъминламайди», деб ҳисоблайди.

Баҳрам Мамутовнинг фикрича, ҳар бир кўчатга ҳафтасига 20−50 литр сув керак. Кембриж университети биология фанлари доктори Темур Юнусов суғоришнинг янада тежамкор усуллари мавжуд эканини таъкидлайди. Унинг сўзларига кўра, Кембриж ҳудудида ўсаётган ёш дарахтларнинг илдиз тизимига қувур тортилади. Унга қуйилган сув тўғридан-тўғри илдизларга боради ва тупроқнинг юқори қатламини намлаш учун исроф қилинмайди. Бу, айниқса, яқинлашиб келаётган ичимлик суви инқирози шароитида муҳим бўлган сувни тежаш имконини беради.
«Тез-тез ёмғир ёғиб туришига қарамай, бу ерда дарахтларни ёғинлар ва шланг воситасида суғориш энг яхши ҳолатда тупроқнинг 10−20 см қалинликдаги юқори қатламинигина намлашини яхши тушунишади. Дарахт илдизлари эса 50 см чуқурликда жойлашган», — дейди у.
Кембриж университетида дарахт экиш мисоли. Кўчатлар атрофидаги тупроқ нам, чунки улар эндигина экилган. Илдиз атрофидаги тупроқни зичлаш учун сув зарур.
Фото: Темур Юнусов.
Қашқадарё вилоятининг ўта қурғоқчил иқлими билан ажралиб турадиган тоғолди ҳудудларида фермерлар ёнғоқ плантациялари етиштириб, кўчатларни суғориш учун йилига атиги 17 литр сув сарфлаётгани ҳақида аввалроқ ёзган эдик.
«Шакл бериш дарахтларни кесишга тайёрлайди»
Ободонлаштириш бош бошқармаси ходимларининг таъкидлашича, ташкилот ишчилари дарахтларга қандай қилиб тўғри шакл беришни билади. Бироқ, дарахтларнинг шикастланишига айнан ободонлаштириш тизими жавобгар эканлигига Татьяна Югайнинг ишончи комил.

«Мана, айтайлик: N та дарахт экилди. Бироқ, неча туп дарахт экилгани эмас, балки яшил масса ҳажми — „тож" [дарахтларнинг бош қисми — таҳр.]нинг ўлчами муҳимроқ. „Қаламча" шаклида экилгани етмагандай, ободонлаштириш хизматининг қўллари билан нотўғри шакл берилиши бизни ана шу массадан маҳрум қилади. Улар 30 см қалинликдаги шохларни кесиб ташлашади, бу эса узоқ муддатда дарахт учун ҳалокатли. Санитария мақсадларида буташ — ингичка шохларни кесишни назарда тутади. Кесилган шох қанчалик қалин бўлса, дарахтнинг саломатлигига шунча кўп зарар етказилади», — дейди Ўзбекистон ландшафт санъати уюшмаси раиси.
Шота Руставели кўчаси, 2009 йил. Фото: «Ко дну»
«Дарахтларни кесиш мораторий билан тақиқланган тақдирда, дастлаб уларни секин-асталик билан [шакл бериш орқали] ўлдиришади, кейин давлат атроф-муҳитни муҳофаза қилиш органларига дарахтнинг қуриб қолганлигини таъкидлаб, унинг касаллиги ҳақида хабар қилинади, ана шундан кейин уни қонуний равишда кесиб ташлашади. Натижада, кесиш барибир амалга оширилади. Бу қурилиш ёки бино фасадини очиш учун жойни „тозалаш" мақсадида амалга оширилади. [Бунда] ҳудуди кесилган дарахтлар маконига айланиб қолган ва у ерда янги нарса қураётганлар айбдор», — дейди у.

Таттяна Югайнинг сўзларига кўра, дарахтларга шафқатсизлик билан шакл берилиши умумий овқатланиш бозорида очиқ оловда таом тайёрлаш учун ёқилғи сифатида дарахт шохларига талаб мавжуд эканлиги билан ҳам боғлиқ.

Айни пайтда, мутахассислар дарахтларга шакл бериш зарурлигини бир овоздан таъкидлайди. Ёввойи табиатда дарахт дуч келган шаклда ўсади. Электр узатиш линиялари, йўл белгилари ва светофорлар мавжуд бўлган шаҳар шароитида эса дарахтнинг оптимал шакли — симметрик бош қисмига эга тик тана ҳисобланади. Шу билан бирга, шакл беришдан кейин дарахтлар қуёшдан ҳимоя учун яшил мато билан ўраб қўйилиши зарур, ўсимликни инфекциядан ҳимоя қилиш учун эса кесилган новдалар ўрнига ишлов берилиши лозим.
«Янги Ўзбекистон» истироҳат боғидаги айрим дарахтлар қуёшдан ҳимоя қилувчи мато билан ўраб қўйилган.
Татьяна Югай ҳаводаги чанг концентрациясининг ортиши ва уқувсиз санитария мақсадларида буташ ўртасида бевосита боғлиқликни кўрмоқда.
Ободонлаштириш ходимлари Нукус кўчасидаги дарахтларга шакл бермоқда. 2023 йил, 12 июль.
«Дарахтнинг ишлаш формуласи оддий: дарахтнинг „тожи" қанчалик катта бўлса, шаҳарда кислород шунчалик кўп, ҳавода чанг миқдори шунчалик кам бўлади», — дейди у.

Вояга этган дарахт ерости сувлари билан озиқланади ва барглари орқали намликни буғлайди. Масалан, вояга етган терак кунига 200 литр сувни буғлайди. Намлик босими остида чанг ерга чўкади. Бундан ташқари, кўплаб дарахтлар чангни ўзига тортади. Замонавий мутахассислар бунда, игнабаргли дарахтлардан фарқли ўлароқ, сатҳи кенг баргли дарахтлар энг самарали, деган хулосага келган.
реклама
реклама
«Чанг учун ҳамма қурилишларни айблайди. Бу тўғри, бироқ улар тан олишни истамайдиган асосий душман — бу дарахтларни ваҳшийларча кесишдир», — дея қатъий ишонтиради уюшма раиси.
2017 йилда Европанинг Allergy илмий журналида иммунолог Виктория Гариб бошчилигидаги бир гуруҳ австриялик олимларнинг Австрия ва Тошкентда аллергик касалликларнинг ландшафт ўзгариши билан боғлиқлиги ҳақидаги мақоласи чоп этилди. Тадқиқотда Ўзбекистондан аллерголог Гулнора Жамбекова иштирок этди.

Муаллифлар аҳолининг 19−29 ва 30−49 ёшдаги икки авлоди ўртасида 20 йил давомида аллергик касалликлар ва ландшафт ўзгариши ўртасидаги боғлиқликни ўрганишга ҳаракат қилди. Олимлар ландшафт дизайнида қўлланиладиган сарв ва япон криптомериясининг айрим навлари каби ҳудудга хос бўлмаган ўсимликларни экиш аллергияга мойилликка таъсир кўрсатиши мумкинлигини аниқлашди. Айниқса, ёшлар орасида.

Гулнора Жамбекова «Газета.uz» мухбирига берган изоҳида натижаларни шундай тушунтиради:

«Ўсимликлар одатдаги яшаш жойи бўлмаган муҳитга олиб кирилганда, улар кўпроқ гулчанглар ажратишни бошлайди. Гулчангларнинг тарқалишига иссиқлик ва карбонат ангидрид (CO2)нинг юқори даражаси ҳам таъсир қилиши мумкин. Ўз навбатида, бу аллергияга мойилликка таъсир кўрсатади. Инсон иммунитет тизими нафас йўлларига ортиқча босимни кўтара олмайди».

Аллерголог, шунингдек, қурилишларнинг авж олганлиги юзасидан ҳам фикр билдирди:
«Қурилишларнинг авж олиши яшил майдонларга таъсир кўрсатгани шубҳасиз. Уларнинг қисқариши ҳаводаги нафас йўлларини шикастлаш хусусиятига эга бўлган моддалар концентрациясига таъсир қилиши мумкин. Бу — қурилиш қолдиқлари, чиқинди газларнинг ортиқча миқдори. Ўсимликларни танлаш ҳар доим „фойдалилик — мустаҳкамлик — гўзаллик" тамойили асосида ишлаган. Фойдалилик ҳар доим биринчи ўринга қўйилиши лозим, бироқ негадир гўзалликни танлашади».
Гулнора Жамбекова дендрологлар, меъморлар ва ландшафт дизайнерларига аллергологлар билан ҳамкорликда ишлашни тавсия қилади.
Дарахтларни импорт қилишга эҳтиёж борми?
Татьяна Югайнинг сўзларига кўра, Самарқандда бўлиб ўтган ШҲТ форумига тайёргарлик кўриш жараёнида Ўзбекистон Туркиядан дарахтлар сотиб олган эди. Ушбу дарахт навлари нотўғри танланган бўлиб чиқди, шунинг учун ўсимликлар илдиз отмади.

«Биз маҳаллий дарахтларни сотиб олишимиз керак. Бу маҳаллий фермерларни қўллаб-қувватлаш ҳамдир. Сурхондарёда чинор етиштираётганлар уларни 40 минг сўмдан, хорижга эса шартли 400 минг сўмдан сотмоқда. Бу ерда нимадир нотўғри эмасми?» — дейди Ландшафт дизайни уюшмаси раҳбари.

Мутахассисларнинг фикрича, кенг ёйилган тож қисмига эга тўғри танланган навлар ва кўчатларни парваришлаш шаҳарни яшиллаштиради. Биологлар Игорь Кузьмичев ва Владимир Печеницин Ўзбекистон шаҳарларини гектарига 400 дарахтгача зичликда дарахт экиш (мўътадил иқлимга эга бўлган мамлакатларда 170−200 тадан) орқали кўкаламзорлаштиришни тавсия этган.
Ўзбекистонда қандай дарахтлар экиш керак?
Ўрмон хўжалиги институти экспертларининг тавсияси
Татьяна Югайнинг фикрича, тирбандлик кўп кузатиладиган кўчалар бўйига секин ўсадиган дарахтлар экиш мақсадга мувофиқ эмас.

«Дарахтларни йўл бўйларига экишда энг оддий турларни танлаб олиш керак. Бу ерда гап фақат чиқинди газларда эмас, балки транспортдан тарқаладиган тебранишда ҳам. Тебраниш сабабли, тупроқ қаттиқ зичлашади. Дарахт жамоат боғида 100−150 йил умр кўрса, йўл бўйида 70 йилдан ортиқ яшамайди. Бу ердаги ер асфалтдек қаттиқлашиб қолади ва илдизларга сув етиб бормайди. Россияда дарахтларни йўл бўйларига экиш пайтида дарахт экиладиган чуқурчага синган пишитилган ғишт ташланади. У ернинг қотиб қолишига йўл қўймайди. Мен тупроққа гуруч пўстлоғини солиб қўяман, чунки у эластик тузилишга эга».
«Дарахтлар — супуриб олиш керак бўлган барглардир»
Ëзувчи Пиримқул Қодиров ўзининг «Олмос камар» романида 1966 йилги зилзиладан кейин Тошкентдаги ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларининг ўрни ҳақида фикр юритган. Бош қаҳрамоннинг отаси ўғли билан суҳбатда унга шундай дейди: «Қайтадан обод қиламан деб, биз ковлаган қанча ариқларни бекитдиларинг! Мен Тошкентда ўттиз йил сув суғориб ўстирган дарахтларни қирқдиларинг. „Пуф-сассиқ" деб бекитган ариқларингнинг ўрнига оқизиб қўйган сувларинг қани? Янгидан обод қилган боғ-роғларинг қани?»

Бу мулоҳазада муаллиф турли авлодлар қадриятлари тизимида боғларнинг ўрнини кўрсатиб берган. Бугун ҳам замонавий ўзбек жамияти қайта кўриб чиқиши керак бўлган қадриятлар, эҳтимол, Тошкентдаги экологик вазиятнинг ёмонлашуви борасидаги сўнгги тизимли муаммодир.
Баландпарвоз стратегияларни ишлаб чиқиш, суғориш учун энг яхши шароитлар яратиш, энг мақбул дарахт навларини танлаш билан бир қаторда, одамлар ўзларининг дарахтларга бўлган муносабатини ўзгартиришлари лозим.
«Дарахтлар-чи? [Лойиҳа хариталарида] шундай катта дарахтларда бирор чизиқ ифода этилмаган. Чунки улар пулга қурилган „объект" ҳисобланмайди, улар инвентарь сифатида баҳоланмайди, 100 йил олдинги кўчатнинг нархи ҳамманинг эсидан чиқиб кетган, энди бу дарахтлар учун ҳисоб берадиган, улар қирқилса товон тўлайдиган жавобгар одамнинг ўзи йўқ. Шундай қудратли кўринган 100 йиллик дарахтлар фақат инвентарь номери-ю қоғоздаги нархи билан ҳисоблашадиган лоқайд одамлардан ўзини қандай ҳимоя қилсин? Тўғри, бундай дарахтларни авайлаб сақлаётган инсофли одамлар ҳам бор… Табиат ҳар бир одамни аслида пок виждон билан бирга яратса керак… [Айрим кишилар] табиат олдидаги бурчларини унутдилар. „Мендан фойдаланинг, лекин виждонни унутманг!" — шундай демоқда у бизга қарата», — деб ёзади Пиримқул Қодиров «Олмос камар» романида.
Материални Жаҳонгир Азимов тайёрлади.
Иллюстрация: Эльдос Фозилбеков / «Газета.uz».
Матн ва барча график материалларга бўлган ҳуқуқлар «Газета.uz» нашрига тегишли. «Газета.uz» интернет-нашрида эълон қилинган материаллардан фойдаланиш шартлари билан бу ерда танишишингиз мумкин.

Қизиқарли нарсаларни биласизми? У ҳақида бошқаларга айтиб бермоқчимисиз? Ўз ҳикоянгизни sp@gazeta.uz электрон манзилига юборинг.

Изоҳ

Жунатиш Чиқиб кетиш Бекор қилиш Муаллиф: 6000 та белги қолди.
"Газета.uz"да рўйхатдан ўтиш

Қўшимча имкониятларга эга булиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг