Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги (собиқ Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги) матбуот котиби Мавжуда Мирзаева ҳибсга олинди. Бу ҳақда «Газета.uz»га унинг қизи Зарина Мирзаева хабар берди.

Унинг сўзларига, жума куни эрталаб онаси уйдан ишга кетаётган вақтида йўлда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари вакиллари Мавжуда Мирзаева ўтирган машинани тўхтатиб, уни олиб кетишган.

«Уч кундан бери онамнинг телефони ўчиқ, олдига киритишмаяпти, ҳатто учрашишга рухсат ҳам берилмаяпти. Адвокат ҳам бу ерга келмаяпти, „Терговчи телефонини кўтармаяпти, мен барибир киролмайман“, деган фикрни айтяпти адвокат. Онамни нега бу ерга олиб келишгани ва нима сабабдан ушлаб турилганини билмайман. Бу ҳақда ҳеч ким аниқ жавоб айтмаяпти. Онамнинг ҳозирги аҳволидан қаттиқ хавотирдаман», — деди Зарина Мирзаева.

Унинг қайд этишича, Мавжуда Мирзаева ҳозирда ДХХ ҳибсхонасида қолмоқда.

Kun.uz манбасига кўра, Мавжуда Мирзаева «Kompromat иши» доирасида ҳибсга олинган. У айни пайтда ДХХ тергов ҳибсхонасида тергов қилинмоқда. Унга нисбатан 10 кунлик ҳибс бўйича суд санкцияси ҳам бор.

Маълумот учун, Мавжуда Мирзаева илгари Yoshlar va O’zbekiston24 давлат телеканалларида журналист бўлиб ишлаган. Шунингдек, Human.uz интернет нашри ҳамда Тошкент вилояти ҳокимлиги ахборот хизматида ҳам фаолият юритган.

27 январь куни Human.uz нашри директори Хуршид Далиев (шунингдек Muxbir Daliyev блоги муаллифи) ва бош муҳаррири Муслим Мирзажонов ўзини «орган ходимлари» деб таништирган шахслар томонидан қўлга олинган эди. Таъкидланишича, «орган ходимлари» журналистларни Тошкент давлат аграр университети биносида жойлашган офисдан олиб кетишган.

ДХХнинг маълум қилишича, Human.uz сайти директори Хуршид Далиев ва Kompromatuzb Telegram- каналига алоқадорлиги айтилаётган бошқа шахсларга нисбатан товламачилик бўйича жиноий иш қўзғатилган.