Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги бошлиғи Афзал Ирматов ҳибсга олинди. Бу ҳақда агентлик матбуот хизмати хабар қилди.

Афзал Ирматов ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар томонидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари бўйича айб эълон қилиниб, ҳибсга олинган. Ҳозирда унинг хатти-ҳаракатлари юзасидан тергов ишлари олиб борилмоқда.

Бош прокуратура матбуот хизмати «Газета.uz»га «прокуратура органларининг иш юритувида агентлик билан боғлиқ жиноят иши мавжуд эмас»лигини билдирганди.

У шу йилнинг январида тергов органи томонидан сўроққа чақирилган. Агентликдагилар унинг йил бошидан буён ишга чиқмаётганини тасдиқлашди, деб ёзади Kun.uz.

Таъкидланишича, Миграция агентлиги мансабдорларига қарши очилган жиноят иши Давлат хавфсизлик хизмати томонидан қўзғатилган ва 3 январь куни агентлик биносида тинтув ўтказилган. Жиноят иши доирасида яна уч мулозим сўроққа чақирилган, уларнинг айримлари ҳибсга олинган.

Афзал Ирматов 2010 йилдан 2013 йилгача Ташқи меҳнат миграцияси агентлигида раҳбар бўлиб ишлаган. 2022 йилнинг мартидан яна ушбу лавозимга қайтган.