Нозим Хусанов Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирининг биринчи ўринбосари лавозимидан озод этилди, дея хабар бермоқда ЎзА.

У вазирининг биринчи ўринбосари лавозимига 2022 йилнинг сўнгида тайинланганди. Бунгача 2019 йил сентябрь ойидан бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири лавозимида ишлаб келаётганди. Собиқ раҳбарнинг нима сабабдан ишдан кетгани ҳозирча маълум эмас. Вазирлик матбуот котиби Фахриддин Ҳайитов «Газета.uz»га бундан хабари йўқлигини айтмоқда.

Нозим Хусанов 1976 йил Тошкент вилоятининг Зангиота туманида туғилган. 1997 йилда Тошкент автомобиль йўллари институтини, 2002 йилда Тошкент молия институтини (сиртқи бўлим) тамомлаган.

У 2010−2011 йилларда Марказий банк Тошкент вилояти бош бошқармаси бошлиғи лавозимида фаолият олиб борган, 2011−2013 йилларда Марказий банк раиси ўринбосари, 2013−2014 йилларда Ташқи иқтисодий фаолият Миллий банки бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари, 2014−2016 йилларда «Микрокредитбанк» очиқ акциядорлик-тижорат банки бошқаруви раиси бўлган.

2016 йилнинг баҳоридан 2018 йил баҳоригача Тошкент шаҳар ҳокимининг иқтисодий ва ижтимоий ривожлантириш, хизматлар соҳаси ва тадбиркорлик масалалари бўйича ўринбосари лавозимида ишлаган. 2018 йилнинг майидан 2019 йилнинг сентябрига қадар Сергели тумани ҳокими бўлган.