18 июль куни Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур тумани суди мансабдор шахсларга нисбатан компроматлар эълон қилинган ёки очиқланиши мумкинлиги ҳақида хабар бериб келган Kompromatuzb Telegram каналига алоқадорлиги айтилаётган журналистларга нисбатан жиноят ишини кўриб чиқишни бошлади.

Kun.uz хабарига кўра, судья Толибжон Обидов судланувчиларнинг илтимосига кўра жараённи ёпиқ тарзда кўришга қарор қилган.

11 июль куни «Газета.uz» иш ёпиқ тарзда кўрилиши мумкинлигини ўз манбаси орқали аниқлаганди.

18 ёшга тўлмаган шахсларнинг жиноятлари тўғрисидаги ишлар, шунингдек, фуқароларнинг шахсий ҳаёти тўғрисидаги маълумотлар ёки уларнинг шаъни ва қадр-қимматини камситувчи маълумотлар ошкор этилишига йўл қўймаслик мақсадида, шунингдек, бошқа ишлар ёпиқ эшиклар ортида кўриб чиқилиши мумкин. Бунда жабрланувчининг, гувоҳнинг ёки ишда иштирок этувчи бошқа шахсларнинг, шунингдек, уларнинг оила аъзолари ёки яқин қариндошларининг хавфсизлигини таъминлаш талаб этилади.

Аввал хабар берганимиздек, иш бўйича судланувчилар журналист ва Human.uz сайти директори Хуршид Далиев, Бандлик ва камбағалликни қисқартириш вазирлигининг собиқ матбуот котиби Мавжуда Мирзаева, «Ўзбекнефтгаз» АЖ матбуот котиби Сиёвуш Ҳошимовлар ҳисобланади. Шунингдек, ушбу ишга фуқаро Аҳмадулло Аҳмаджоновнинг ҳам алоқаси борлиги айтилмоқда.

Айблов хулосасига кўра, ушбу ишда 19 нафар жабрланувчи ва 10 нафар фуқаровий даъвогар иштирок этиб, 5 млрд 140 млн сўмлик зарар етказилган. Улар орасида собиқ бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири ҳамда бандлик ва камбағалликни қисқартириш вазирининг собиқ биринчи ўринбосари Нозим Хусанов (апрель ойида лавозимидан кетган), март ойида ҳибсга олинган Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги собиқ директори Афзал Эрматов, Давлат ветеринария ва чорвачилик қўмитаси ҳузуридаги «Ўзбекчорванасл» агентлиги бош директори Бахтиёр Отамуродов, Самарқанд вилояти ҳокими матбуот котиби Манучеҳр Мирзаев, Бухоро муҳандислик-технология институти илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори Мирзо Шарипов, CIBGROUP компанияси директорлари Уйғун Турсунхўжаев ва бошқалар бор.