«Газета.uz» пайшанба куни Тошкентдаги Freedom Payments хорижий компаниясининг офисига ниқобли одамлар келгани ҳақида ёзганди. Таҳририят манбалари ходимларни ҳибсга олингани ҳақида хабар берди.

Тошкент шаҳар ИИББ вазиятга изоҳ берди, аммо маълумотда компания номи кўрсатилмаган. Идоранинг таъкидлашича, ички ишлар бошқармасининг тергов бўлими Жиноят кодексининг 169-моддаси (ўғрилик) бўйича жиноят иши доирасида фуқароларнинг пластик карталаридан 12 млрд сўм ўғрилангани бўйича тергов олиб бормоқда.

«Жиноятни тўлиқ фош қилиш ва жиноят учун жазо муқаррарлиги принципини таъминлаш, фуқароларга етказилган моддий зарарни қоплатиш чораларини кўриш мақсадида бир қатор тезкор-тергов ҳаркатлар олиб борилмоқда. Тергов жараёнида пластик карталардаги пуллар турли тўлов тизимлари орқали хорижий давлатларга чиқиб кетганлиги аниқланган», — дейилади хабарда.

Жиноят иши доирасида пойтахтдаги тўлов тизими компанияларидан бирида текширув ўтказилган. Тергов давомида ҳеч ким ҳибсга олинмаган, компания ходимларидан ушбу факт бўйича тушунтириш олинган.

Freedom Technologies компаниялар гуруҳи бош директори Роман Миникеев аввалроқ Freedom Payments ходимларини текшириш мамлакатдан капитал олиб чиқиб кетилишининг олдини олиш бўйича стандарт жараён билан боғлиқлигини таъкидлаганди.

Унинг сўзларига кўра, Freedom Payments компанияси Ўзбекистонда шаффоф ва Қонунчилик доирасида мамлакат Марказий банки томонидан берилган лицензияга мувофиқ фаолият юритмоқда, шунингдек, унда катта хавф-хатарлар йўқ. Таъкидланишича, Ўзбекистондаги бир қатор бошқа тўлов ташкилотлари ҳам худди шундай текширувлардан ўтмоқда.