«Газета.uz» пайшанба куни Тошкентдаги Freedom Payments хорижий компанияси офисига ниқобли одамлар келгани ҳақида ёзганди. Бизнинг манбаларимиз ходимларнинг ҳибсга олинганини хабар қилганди.

Freedom Technologies компаниялар гуруҳи бош директори Роман Миникеев таҳририятга бу бўйча изоҳ берди.

«Freedom Pay компанияси йиллар давомида фаолиятида бенуқсон обрўга эга ишончли ва самарали ҳамкор сифатида ўзини тавсия қилиб келди. Ташкилот ҳозирда одатий режимдаги фаолиятини давом эттирмоқда. Ўз навбатида, 2023 йил 3 августда компанияда ўтказилган текширув давлат органларининг хорижий компаниялар ва банклар томонидан капиталнинг мамлакатдан олиб чиқиб кетилишининг олдини олиш бўйича стандарт жараён билан боғлиқ», — деди у.

Унинг сўзларига кўра, Freedom Pay Ўзбекистонда қонунчилик доирасида, мамлакат Марказий банки томонидан берилган лицензияга мувофиқ фаолият юритади.

«Freedom Pay`нинг мамлакатдаги фаолияти бутунлай шаффоф ва юқори рискларга эга эмас. Графикка мувофиқ даромадлар ва айланмалар бўйича молиявий ҳисоботлар тартибга солувчи орган — Ўзбекистон Марказий банкига тақдим этилади», — дейилади Роман Миникеев баёнотида.

Баёнотда айни дамда Ўзбекистонда фаолият юритаётган бошқа бир қатор тўлов ташкилотлари ҳам мониторинг қилинаётгани қайд этилган.

Бу бўйича давлат органлари ва бошқа компаниялар томонидан ҳозирча ҳеч қандай баёнот берилмади.