Ўзбекистондаги икки йирик тўлов хизматлари — Oson ва Payme фаолиятида узилишлар юз берди.

5 август куни кечқурун Oson «компанияга боғлиқ бўлмаган сабабларга кўра» хизмат Uzcard ва Humo тизимларидан вақтинча узилганини хабар қилди.

«Ҳамкорлар томонидан техник муаммолар кузатилди. Ноқулайлик учун узр сўраймиз. Носозлик онлайн тарзда қисқа вақт ичида тузатилади», — дейилади хабарда.

Ҳозиргача Oson ўз хизматлари, шу жумладан, пул ўтказмалари тиклангани ҳақида хабар бермади.

6 август куни соат 20:00 дан кейин Payme иловасида Uzcard ва Humo тизимлари орқали пул ўтказмалари вақтинча ишламаётгани ҳақида хабар пайдо бўлди. Компания буни «режадан ташқари техник ишлар» деб изоҳлади.

Payme Ўзбекистондаги энг йирик тўлов хизматларидан бири бўлиб, унда 10 миллионга яқин фойдаланувчи рўйхатдан ўтган, улардан 3,1 миллиондан ортиғи фаол ҳисобланади. Май ойида компания Грузиянинг TBC Bank Group банк гуруҳи томонидан сотиб олинган.

Oson халқаро ўтказмалар бўйича етакчилардан бири ҳисобланади. «Газета.uz» билан суҳбатлашган манба маълумотларига кўра, Россиядаги кўплаб меҳнат мигрантлари Ўзбекистонга пул ўтказиш учун бу иловадан фойдаланади.

3 август куни ниқобли одамлар Freedom Pay онлайн-бизнес учун тўлов хизмати офисига келганди. Тошкент шаҳри ИИБ фуқароларнинг пластик карточкаларидан 12 миллиард сўм ўғирлангани ва «турли тўлов тизимлари» орқали хорижга пул олиб чиқиб кетилгани юзасидан тергов бошланганини маълум қилди. Бу қайси тизимлар эканига аниқлик киритилмаган. Текширувлар бошқа тўлов ташкилотларида ҳам бўлиб ўтган.

Бошқа хизматлар — Uzum Bank, Click (Uzum`га қўшилмоқда), Paynet ва Upay хизматларида муаммолар кузатилмади.