7−8 сентябрь кунлари Самарқандда Ўзбекистон ҳукумати томонидан БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) техник кўмагида ташкил этилган Озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича халқаро конференция бўлиб ўтади.

Ташкилотчиларга кўра, тадбирда 30 дан ортиқ давлатдан вазир ва дипломатлар, шунингдек, халқаро ташкилотлар, молия ва илмий муассасалар — Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти, Жаҳон банки, Озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича Ислом ташкилоти, Осиё тараққиёт банки ва бошқалар иштирок этади.

Конференцияда Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги соҳасини ислоҳ қилиш бўйича эришилган ютуқларни тақдим этади ҳамда билим ва инновацион ечимларни йўлга қўйиш учун жаҳон ҳамжамияти тажрибасига мурожаат қилади.

«Бугунги кунда дунё ерлар деградацияси ва сув ресурсларининг тақчиллиги, пандемиялар ва нобарқарор геосиёсий вазият муаммоларига дуч келмоқда. Ушбу чақириқлар фонида озиқ-овқат хавфсизлиги масаласи янада ўткир тус олмоқда, — деди Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги вазири Азиз Воитов. — Иқлим ўзгариши қишлоқ хўжалигига, пировардида аҳолини озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашга қандай таъсир кўрсатаётганини барчамиз ҳис қилмоқдамиз. Сув ресурслари камайиб бормоқда, юқори ҳарорат экинлар ҳосилдорлигига ва чорва сонига салбий таъсир кўрсатяпти. Иқлим ўзгаришлари озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни олдиндан белгилашни қийинлаштирмоқда, бу прогнозлаш ва режалаштиришнинг аниқлигини сусайтирмоқда. Ҳолбуки, режалаштириш у ёки бу озиқ-овқат турларининг бозордаги тақчиллигига йўл қўймасликнинг калити саналади».

Кун тартибидан иштирокчи мамлакатлар ўртасида сифатли ва арзон озиқ-овқат маҳсулотларини тўғридан-тўғри етказиб бериш учун «яшил» ва экспресс даҳлизлар очиш масаласи ўрин олган, — дея қўшимча қилди у.

ФАО ҳисоб-китобларига кўра, ҳозирда дунёда 2,3 миллиардга яқин одам ўртача ёки жиддий даражада озиқ-овқат таъминотидан азият чекмоқда, уларнинг чорак қисми ёки 566 миллиони Осиёда яшайди.

«Тадбир дунёда агроозиқ-овқат тизимларини ривожлантириш борасидаги чақириқлар ва ечимларни муҳокама қилиш учун яхши майдонча бўлади. Бундан ташқари, ушбу халқаро миқёсдаги воқеа 2030 йилга қадар озиқ-овқат хавфсизлиги ва овқатланишни яхшилаш бўйича аниқ вазифаларни, шунингдек, барқарор қишлоқ хўжалигини ривожлантириш бўйича чора-тадбирларни ўз ичига олган „Ноль очлик“ 2- Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишга қаратилган чораларнинг амалга оширилиши мақомини таҳлил қилиш имконини беради», — деди ФАОнинг Марказий Осиё бўйича субминтақавий координатори Виорел Гуцу.

Конференция доирасида «Ўзбекистон агроозиқ-овқат салоҳияти» кўргазмаси ва I Ўзбекистон Агроозиқ-овқат инвестиция форуми ўтказилади. Форумда Германия, Италия, Исроил, Венгрия, Корея Республикаси, Польша, Озарбайжон, Қозоғистондан 50 дан зиёд компания қатнашади.