Элмурод Эргашович Турсунов Қорақалпоғистон Республикаси адлия вазири этиб тайинланди. Бу ҳақда Ўзбекистон Адлия вазирлиги матбуот котиби Севара Ўринбоева маълум қилди.

Элмурод Турсунов 1983 йилда Қорақалпоғистоннинг Хўжайли туманида туғилган. Маълумоти олий, 2006 йилда Қорақалпоқ давлат университетини тамомлаган, ҳуқуқшунос.

У меҳнат фаолиятини 2006−2007 йилларда Нукус шаҳридаги 1-сонли давлат нотариал идораси архивариуси лавозимидан бошлаган. 2007−2022 йилларда Қорақалпоғистон Адлия вазирлигида турли масъул лавозимларда фаолият юритган.

2022 йил 30 декабрдан ҳозирги вақтгача Қорақалпоғистон адлия вазирининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаб келаётган эди.

Турсуновдан олдинги вазир Сайлаубай Мамбеткадиров 2020 йилдан бери вазирликни бошқариб келаётганди.

Шунингдек, 2023 йилдан ҳозирги вақтга қадар вазирликнинг Нодавлат нотижорат ва диний ташкилотлар бошқармасининг бўлим бошлиғи лавозимида ишлаб келган Амангелди Пренов Қорақалпоғистон адлия вазирига биринчи ўринбосар бўлди.