2024 йилдан сертификациядан ўтган директорлар ойлигини 50 фоизга, ўринбосарлар иш ҳақини эса 30 фоизга ошириш режалаштирилмоқда. Президент Шавкат Мирзиёев 28 август куни ўтказилган видеоселекторда шундай топшириқ берди, деб хабар қилди унинг матбуот котиби.

Директорлар ва ўринбосарлари ҳар беш йилда бир марта сертификациядан ўтади. Сертификациядан ўта олмаган директорлар билан тузилган меҳнат шартномалари бекор қилинади.

Таъкидланишича, энди директорликка номзодлар фақат сертификати бор ва захирага киритилган кадрлар орасидан танланади ва муддатли контракт асосида ишга олинади.

Иқтисодиёт ва молия, Мактабгача ва мактаб таълими вазирликларига маошларни ошириш бўйича ҳисоб-китобларни киритиш топширилди.

Мактаб директорларини сертификациядан ўтказиш ва шу тизим орқали лавозимга номзодларни танлаб олиш ҳақида президент 2022 йилнинг апрелида топшириқ берганди. 2021 йил 1 январдан эса мактаб директорларини тайинлаш ва лавозимидан озод қилиш халқ депутатлари Кенгашлари билан келишилган ҳолда амалга оширила бошлади.

Йиғилишда шунингдек, жорий йилда директорликка номзодларни ўқитиш ва билимини баҳолашни амалга оширувчи «Директорлар мактаби» ташкил қилингани айтилди.

«Мактабда таълим жараёнлари Бирлашган Араб Амирликлари ва бошқа нуфузли хорижий ҳамкорлар тажрибаси асосида йўлга қўйилади», — дейилади президент матбуот хизмати хабарида.

Педагогларни мақсадли тайёрлаш

Йиғилишда келгуси ўқув йилидан кадрлар етишмайдиган, оғир мактаблар олдиндан танланиб, улар учун мақсадли давлат буюртмаси жорий қилиниши белгиланди.

Яъни, келгуси йиллардаги талабни ҳозирдан аниқлаб, зарур мутахассисликлар бўйича муаллимларни олдиндан тизимли тайёрлаш йўлга қўйилади.

Мақсадли буюртма асосида ўқитувчиларни тайёрлаш тўлиқ давлат грантига ўтказилади. Келгуси ўқув йили учун педагогика олийгоҳларининг қабул квоталарини белгилашда ушбу янги тартиб назарда тутилади. Мактаб таълимида бошқарув тизими ҳам ўзгаради.

Мазкур йиғилишда президент 6 млн сўмдан 10 млн сўмгача маош оладиган ўқитувчилар сони 23 мингга етгани, 10 млн сўмдан юқори ойлик олаётганлар сони эса минг нафардан ошганини маълум қилганди. «Бу ҳам яхши, лекин бу жуда кам», — деганди Шавкат Мирзиёев.

Қолаверса, давлат раҳбари Ўзбекистон мактабларида юқори синфда ўқитиладиган фанлар 16 тадан 11 тага қисқаришини таъкидлаганди. 10−11 синф ўқувчилари учун эса қайси олийгоҳга киришига қараб, тегишли фанлар чуқурлаштириб ўқитилади. Касб-ҳунар ҳам мактабнинг ўзида ўргатила бошланади.