Жорий йил мактабларни тамомлаган 138 минг ўқувчи олийгоҳларга кирди, яна 54 мингтаси профессионал таълим билан қамраб олинди, бироқ қолган 195 минг нафар ўқувчининг тақдири ноаниқ қолди. Бу ҳақда 28 август куни президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган йиғилишда таъкидланди.

«Улар эртага иш топа олмаса, ким бўлиши ҳақидаги саволларга на вилоят ва туман ҳокимлари, на соҳа мутасаддиларида жавоб йўқлиги таъкидланди», — дейилади президент матбуот хизмати раҳбари хабарида.

Шундан келиб чиқиб, давлат раҳбари келгуси режаларни маълум қилди. Унга кўра, юқори синфда ўқитиладиган фанлар 16 тадан 11 тага қисқартирилади.

Олийгоҳга киришга иштиёқи бор бўлган 10−11 синф ўқувчиларига «кимё — биология», «математика — физика», «математика — чет тили», «она тили ва адабиёт — чет тили» фанлари уларнинг танлови асосида чуқурлаштириб ўқитилади. Касб-ҳунар эгаси бўлиш истагидаги ўқувчиларга эса мактабнинг ўзида тайёр мутахассис бўлиб етишиб чиқиш имконияти яратилади.

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигига сентябрдан бошлаб ушбу тажрибани салоҳияти ва тайёргарлиги бор 135 та мактабда йўлга қўйиш топширилди. Келгуси ўқув йилидан камида 1 мингта мактаб ушбу тизимга ўтказилади, дейилади хабарда.

Дарсларнинг мазмуни ҳам ўзгариши таъкидланди. Бунда 1-синфдан компьютер саводхонлиги, юқори синфларда молиявий саводхонлик дарслари жорий этилади.

Шунингдек, бу йил мактаб дарсликларига бюджетдан 920 миллиард сўм ажратилди, бошланғич синфлар учун тўлиқ янги дарсликлар ишлаб чиқилди.

Бошланғич синфлар учун тайёрланган дарсликларнинг иккинчи қисмини ҳам тўлиқ ҳажмда чоп этишга топшириқ берилди.