Ўзбекистонда мактаб ўқувчиларининг 60 фоиздан ортиғи қишки мавсумда дарс машғулотларини куртка ва бош кийимларда ўтказади, чунки синфхоналар сифатсиз кўмирда иситилади. Синфхоналари кўмирда иситиладиган ҳар бир мактабда амалдагидан 10−15 баробар кўпроқ кўмир ёқила бошласагина, болалар енгил кийимда ўтиришлари мумкин, бироқ у ҳолда тутундан нафас олишларига тўғри келади.

Сирдарё вилоятининг Боёвут туманидаги 19-сонли мактаб — Ўзбекистондаги кўмир ёрдамида иситиладиган 6700 дан ортиқ қишлоқ мактабларидан бири. Таълим муассасаси учун йилига 70 тонна маҳаллий кўмир олинади. Шунча кўмирнинг камида учдан бири чангдан иборат. Ўқитувчилар ва ўқувчилар қишда дарсларда куртка, бош кийим ва қўлқопларини ечиб қатнаша олишлари учун иситиш тизимини модернизация қилиш масаласида ёрдам сўраб, Ўзбекистондаги Глобал экологик фонд (ГЭФ)нинг Кичик грантлар дастури (КГД)га мурожаат қилган.

«Газета.uz» мухбири Сабина Бакаева ГЭФ КГД жамоаси билан бирга Сирдарёдаги мактабда бўлиб, кўмирдан фойдаланган ҳолда хоналарда ҳаво ҳароратини кўтариш мумкин ёки йўқлиги, нима учун бу ёмон қарор эканлиги ҳамда болалар энергетика соҳасидаги блэкаутлар ва фавқулодда узилишлар даврида иссиқ хоналарда ўқиши мумкинми ёки йўқлигини ўрганди.

Қишлоқ мактаблари қандай иситилмоқда?

«Биз учун қиш ҳар йили оғир кечади», — дейди Дилшода Омонова 2022−2023 йилларда кузатилган аномал совуқ қиш тўғрисидаги саволимга жавоб бераркан.

У Сирдарё вилояти Боёвут туманидаги 19-сонли мактабда рус тили ва адабиёти фанидан дарс беради. Бу ерда 425 бола таҳсил олади. Ўзбекистоннинг бошқа қишлоқ мактабларида таҳсил олаётган 3 миллиондан зиёд ўқувчилар қатори улар ҳам ҳар йили қишда бир хил амалиётни такрорлайди — дарс машғулотларини экстремал шароитларда ўтказади.

алексей волков, гэф кгд, иқлим ўзгариши, кичик грантлар дастури, мактаблар

19-мактаб директори Муҳтарам Хасанова (ўнгдан биринчи) ҳамда рус тили ва адабиёти ўқитувчиси Дилшода Омонова (ўртада).

Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланган санитария қоидалари ва меъёрларига (СанҚМ) мувофиқ, синфхоналарда ҳаво ҳарорати камида 18−20 даража илиқ бўлиши лозим. Бироқ ўқув йилининг асосий қисмини ташкил этувчи қиш мавсумида қишлоқ мактабларининг хоналарида ҳаво ҳарорати меъёрдагидан сезиларли даражада паст бўлади.

«Қишда дарс машғулотларини пальтода эмас, кофтада ўтказиш — шунчаки орзу, — дейди Дилшода опа. — Баъзида [ҳаво] шунчалик совуқки, болалар қўлқопларда ўтиришади».

Таълим муассасаси биносида 27 та хона мавжуд. Уларни иситиш учун давлат ҳар йили маъмуриятга 70 тонна кўмир ажратади, шундан камида 25 тоннаси — чанг. 2021−2022 йилги иситиш мавсумида таълим муассасаси учун атиги 54 тонна ёқилғи олинган, бироқ унинг ярмидан кўпи фойдаланишга яроқсиз бўлиб чиққан.

алексей волков, гэф кгд, иқлим ўзгариши, кичик грантлар дастури, мактаблар

19-сонли мактабга 2022−2023 йилги иситиш мавсуми учун етказиб берилган кўмир. Фото: sgp.uz.

Мактаблар учун ажратиладиган Ўзбекистон кўмирининг энергетик қиймати атиги 2000−3500 ккал / кг ни ташкил этиши иситиш билан боғлиқ вазиятни янада оғирлаштирмоқда. Бу Россиядан ёки Қозоғистон кўмирининг энергетик қийматидан икки баравар кам.

ГЭФ КГДнинг Ўзбекистондаги миллий координатори Алексей Волковнинг қайд этишича, Совет Иттифоқи парчаланишидан олдин мактабларнинг иситиш тизими битта марказий қозонхонадан иборат эди. Мазкур қозонхонада кўмир билан ишлайдиган қозонларда сув иситилган. Иситилган сув циркуляцион насослар ёрдамида синфхоналарнинг иситиш батареяларига юборилган.

Иситиш жиҳозлари электр энергияси ҳисобига ишлаган, шунинг учун 1990-йилларнинг ўрталаридан бошлаб, электр таъминотидаги узилишлар одатий ҳолга айлангач, қишлоқ мактаблари бирин-кетин кичик қозонхоналар ёки қўлбола (буржуй) печларга ўтказилди. Улар бинони ўраб олади ва бир нечта синф хоналарини иситади.

алексей волков, гэф кгд, иқлим ўзгариши, кичик грантлар дастури, мактаблар

Ҳожатхоналар.

19-сонли мактаб 1993 йилда қурилганига қарамай, бу ерда ҳам марказий қозонхона бор эди. Бироқ, кўп ўтмай у 10 та қўлбола печ билан алмаштирилган. Дилшода Омонованинг сўзларига қараганда, 2016 йилгача қишлоққа электр энергияси кунига икки соатгина берилган, шу боис қўлбола печлар мактаб учун ягона нажот эди.

Вазиятни изга тушириш учун уринишлар

2015 йилда таълим муассасаси маъмурияти биринчи марта ГЭФ КГДга иситиш тизимини модернизация қилишда ёрдам сўраб мурожаат қилган. Ўшанда дастур мутахассислари кўмир чангини брикетлашни таклиф қилган эди, дея эслайди Алексей Волков.

Лойиҳа ГЭФ КГДнинг барча мезонларига мос келди. Дастур бутун мамлакат бўйлаб татбиқ этилиши мумкин бўлган атроф-муҳит учун фойдали, барқарор ва инновацион лойиҳаларни молиялаштиради. Чангни брикетлаш орқали ёқилғи харажатларини оширмаган ва атроф-муҳитга зарар етказмаган ҳолда синфхоналардаги ҳаво ҳароратини оширишга эришиш мумкин эди, сабаби — зич масса узоқроқ ёнади. Бу ечим Ўзбекистон учун янгилик бўлди, чунки бошқа ташкилотлар бунга мурожаат қилиб кўрмаган.

Боёвут мактабининг тажрибаси бошқа қишлоқ таълим муассасалари ва бошқа ташкилотларга ҳам татбиқ этилган тақдирда, ГЭФ КГД миқёслаш талабларига амал қилган бўлар эди. Бироқ, Алексей Волковнинг сўзларига кўра, бюджет маблағлари йўқлиги сабабли Иқтисодиёт вазирлиги лойиҳани кенгроқ татбиқ этишдан бош тортди. Оқибатда болалар ва ўқитувчилар яна етти йил совуқдан азият чекди.

«Энг бирламчи шароитлар таъминланмаган муҳитда болалар ўқиш ҳақида, ўқитувчилар — таълим сифати ҳақида ўйлай оладими? — дейди Алексей Волков. — Абитуриентларнинг ярмидан кўпи кириш имтиҳонларида минимал ўтиш баллини ҳам йиға олмаяпти».

алексей волков, гэф кгд, иқлим ўзгариши, кичик грантлар дастури, мактаблар

Мактаб ўқувчилари ботаника назариясини амалиётда кенг қўллаган ҳолда ҳудудни ободонлаштиришда фаол иштирок этади. Мактабдаги деярли барча дарахтлар, директор Муҳтарам Хасанованинг сўзларига кўра, ўқувчилар томонидан ўтқазилган. 19-сонли мактабда олий ўқув юртларига, жумладан, грант асосида ўқишга кириш кўрсаткичлари жуда юқори. Аксарият битирувчилар тиббиёт соҳасига киради.

Энергетика бўйича мутахассиснинг фикрича, мактабга янада кучлироқ қозонхона ўрнатилган тақдирда ҳам, унинг иситиш мавсумида оладиган кўмир ҳажми талаб қилинадиган 100 кунга эмас, бор-йўғи 10−12 иситиш кунига етади, холос, дейди Алексей Волков. Мактаб синфхоналарда минимал ҳароратни сақлаган ҳолда, берилган кўмирни бутун мавсумга етказади, чунки таяниш мумкин бўлган бошқа ёқилғи манбаси мавжуд эмас.

«Муҳандисларнинг ҳисоб-китобларига кўра, синфхоналардаги ҳаво ҳароратини санитария меъёрларига етказиш учун маҳаллий кўмирни 10−15 баробар кўпроқ ёқиш ёки уни сифатли кўмирга алмаштириш ва етказиб бериш ҳажмини 5 баробар ошириш зарур, — дея тушунтиради Алексей Волков. — Бироқ, кўмир — ифлос ёқилғи ҳисобланади. Бу ҳаво ифлосланиши даражасининг сезиларли ошишига олиб келади. Иқлим нуқтаи назаридан кўмир — энергия олишнинг ёмон усули».

Алексей Волковнинг сўзларига кўра, кўмирга пул тикиш икки томонлама ўйинга ўхшайди. Бир томондан, Ўзбекистон қайта тикланадиган энергия манбаларини жорий қилмоқда ва иқлим ўзгаришининг олдини олиш бўйича халқаро мажбуриятларни бажариш учун катта ташаббус кўрсатмоқда. Бошқа томондан, мамлакат кўмирдан фойдаланиш даражасини оширмоқда ҳамда бунинг ҳисобига шамол ва қуёш станцияларини ўрнатиш натижасида камайтиришга муваффақ бўлинган углерод эмиссиясининг бутун ҳажми йўққа чиқмоқда.

алексей волков, гэф кгд, иқлим ўзгариши, кичик грантлар дастури, мактаблар

Алексей Волков.

«Биз иситиш муаммосини қандай ҳал қилиш мумкинлиги ҳақида бош қотиришимиз ва шу билан бир пайтда [бу ечим] иқлимга мос келадиган муқобил бўлиши зарур, — таъкидлайди Алексей. — Бироқ, энг асосийси, бу иқтисодий жиҳатдан фойдали ва асосланган бўлсин. Муҳандислар иссиқлик насослари энергияни энг кўп тежовчи муқобил бўлади, деб ҳисоблайди».

Боёвут мактабига ҳам айнан уларни ўрнатиш таклиф қилинди.

Заводлар болалардан муҳимроқми?

«Табиат бизни турли кўринишдаги энергия билан ўраб туради, — дейди Алексей Волков. — Ҳаво, ер ва сувда мутлақо бепул иссиқлик мавжуд. Иссиқлик насоси бу иссиқликни кучайтиради ва биз учун одатий бўлган иссиқлик энергиясига айлантиради».

Унинг сўзларига кўра, иссиқлик насослари «тескари музлатгичлар» каби ишлайди. Боёвут мактабида ўрнатиладиган «ҳаво-ҳаво» иссиқлик насосининг ишлаш тамойили энергия тежовчи кондиционернинг ишлашига ўхшайди.

«Иссиқлик насосининг ўзига хослиги шундаки, кўмирда ишлайдиган қозонхона 1 кВт ёқилғини 0,7 кВт иссиқлик энергиясига айлантиргани ҳолда, иссиқлик насоси 1 кВт электр энергиясини 3 кВт иссиқлик энергиясига айлантиради. Энергияни қайта ишлаш нисбати 1 га 3 бўлган иссиқлик насосларига хос бундай самарадорлик бошқа технологияларда мавжуд эмас», — дейди Алексей Волков.

Иссиқлик насослари ёрдамида иситиш технологияси кўп йиллар илгари Европада ўзини оқлаган. Улар портлаш ва ёнғиндан хавфсиз, демак, ижтимоий объектлар учун мукаммал ечим. Ускунадан фойдаланиш осон ва у 25 йилгача хизмат қилиши мумкин.

Бизнинг вазиятимизда ягона тўсиқ — бу иссиқлик насосларининг қувват манбаи. Улар электр энергияси билан ишлайди. Мамлакатда электр энергияси истеъмоли ҳажми уни ишлаб чиқариш кўрсаткичларидан юқори, шу боис мамлакат энергия тизими танқисликни бошдан кечирмоқда.

Тез-тез ўчиришлардан ташқари, электр энергиясининг ўзи ҳам мактаблар учун қимматга тушади, дея таъкидлайди Алексей Волков. Унинг сўзларига қараганда, барча бюджет ташкилотлари электр энергияси учун максимал тариф — 1 кВт / соат учун 800 сўмдан, яъни Олмалиқ кон-металлургия комбинати (ОКМК) ва Навоий кон-металлургия комбинати (НКМК) каби саноат гигантлари билан бир қаторда ҳақ тўлайди.

Бир томондан, давлат мактабларга тоза энергиядан фойдаланганлик учун максимал тарифни белгилайди. Бошқа томондан, таълим муассасалари учун энг ифлос ёқилғини сотиб олиш харажатларининг 90 фоизини субсидиялайди. Бир килограмм кўмир уларга 410 сўм — бозор нархидан 10 баравар арзон тушади. Бундай шароитда мактаблар учун энергия тежовчи тизимларга ўтиш мақсадга мувофиқ бўлмаган чорага айланади.

«Устуворликларни бу тарзда белгилаш орқали давлат амалда тоза энергиядан фойдаланишга ўтишни қораламоқда, — дейди Алексей Волков. — Мактаблар электр энергияси учун саноат корхоналари тарифлари асосида ҳақ тўлайдилар ва, шунга қарамай, улар заводлар каби биринчи тоифадаги объектлар эмас: уларни доимий равишда электр энергиясидан узиб қўйилади. Нега заводларни тармоқдан узилмайди, мактабларни эса узиб қўйилади? Болалар саноатчалик муҳим эмасми?»

алексей волков, гэф кгд, иқлим ўзгариши, кичик грантлар дастури, мактаблар

Ўқувчилар томонидан бунёд этилган боғ.

Хусусий ташаббуслар устидан назорат қилиш муҳим лойиҳаларни қандай «бўғиб қўйиши» ҳақида

Боёвут лойиҳаси орқали ГЭФ КГД мактабларни кўмирсиз иситиш имкониятини синаб кўриш истагида.

«Натижалар қандай бўлади? Мактаб қай даражада иссиқ бўлади? — тадқиқотнинг вазифаларини санайди Волков. — Ушбу технология қай даражада яхши ишлайди? Бу Ўзбекистондаги барча қишлоқ мактаблари учун муқобил сифатида иқтисодий жиҳатдан самаралими?».

Тажриба юқорида санаб ўтилган барча параметрларни синовдан ўтказиш ва ҳисоблаб чиқиш имконини беради. Натижалар ижобий ва салбий жиҳатларини кўриб чиқиш ҳамда болалар таълим муассасаларида муқобил иситиш тизимининг келгуси тақдири юзасидан қарор қабул қилиш учун ҳукуматга тақдим этилади.

Иссиқлик насоси Боёвут мактабида 2022 йилнинг ёзидаёқ ўрнатилиши керак эди. Алексей Волковнинг сўзларига кўра, лойиҳанинг иқтисодий таҳлили намуна олиш мақсадга мувофиқлигини тасдиқласа, Иқтисодий тараққиёт вазирлиги ушбу тажрибани Ўзбекистондаги бошқа таълим муассасаларида ҳам татбиқ этишга умид берган эди.

алексей волков, гэф кгд, иқлим ўзгариши, кичик грантлар дастури, мактаблар

Бироқ, лойиҳа бюрократик машина томонидан ютиб юборилди. Гап шундаки, ГЭФ КГД лойиҳа ташаббусларини фақатгина нодавлат нотижорат ташкилотлари (ННТ) орқали молиялаштиради. Ўзбекистонда бундай ташкилотлар ўз фаолиятида мунтазам равишда қатор тўсиқларга дуч келади.

Ҳукуматнинг 2022 йил июнь ойида эълон қилинган янги қарори ННТ фаолияти билан боғлиқ шарт-шароитларни оғирлаштирди. Мазкур ҳужжат билан ташкилотларнинг ички ишларига давлатнинг бевосита аралашуви ва улар устидан ҳаддан ташқари давлат назоратини қонунийлаштириб қўйилди. Давлат органлари донорлар томонидан тасдиқлаб бўлинган лойиҳаларни ҳам ўзгартириш ҳуқуқига эга бўлди. Базавий ҳисоблаш миқдори (БҲМ)нинг 2000 бараваридан ортиқ (2023 йил август ҳолатига кўра — 660 миллион сўм) маблағ олган ташаббуслар учун Адлия ва Ташқи ишлар вазирликлари, шунингдек, Вазирлар Маҳкамаси иштирокидаги мураккаб мувофиқлаштиришдан ўтиш мажбурияти юклатилди.

«Буларнинг барчаси ННТлар ва ҳукумат ўртасидаги ҳамкорликни яхшилаши айтилмоқда. Бироқ, охир-оқибат, бу ёндашув уларнинг самарали ҳамкорлигига путур етказмоқда. ННТлар фаолияти устидан ҳаддан ташқари, аксарият ҳолларда ҳеч қандай асосга эга бўлмаган назорат ҳар қандай ташаббусни ўлдиради, айнан ННТлар ижтимоий ва иқтисодий тараққиётнинг ҳақиқий ҳаракатлантирувчи кучига айланиши мумкин бўлса-да, уларнинг ривожланишини тўхтатиб қўяди», — дея қайд этади Алексей Волков ишонч билан.

Натижада ННТлар лойиҳалари давлат томонидан мувофиқлаштириш ва тасдиқлашнинг мураккаб жараёнидан ўтиши талаб этилади, айни вақтда, таққослаш учун, тижорий сектор ўз фаолиятидан тижорий фойда олмайдиганларга қараганда анча эркин. ННТлар вакиллари, юқорида келтирилган асослардан ташқари, бошқа қонун ҳужжатларига зид бўлган мазкур қарорни бекор қилиш сўрови билан қилган ўз мурожаатларида шу ва бошқа муаммоларни кўрсатиб ўтди. Шундай қилиб, Боёвут лойиҳасини мувофиқлаштириш жараёни 8 ойдан ортиқроқ вақтгача чўзилди. Лойиҳа барча белгиланган жадваллардан чиқиб кетди, шунга қарамай, 2023 йилнинг ёзида унга рухсат берилди.

Алексей Волковнинг таъкидлашича, КГД лойиҳаларга катта миқдорда маблағ ажратиш имконига эга бўлмагани учун ҳам шундай — «Кичик грантлар дастури» дея номланган. Ташаббусларга одатда, гарчи бу маблағ уларга зарур қийматнинг ярмидан кўпини қопламаса ҳам, 50 минг долларгача маблағ ажратилади. Маблағнинг қолганини грант олувчиларнинг ўзи топишига тўғри келади.

Бироқ Боёвут мактаби билан боғлиқ ҳолат — алоҳида масала. У ҳозирда ГЭФ КГД томонидан қўллаб-қувватланаётган икки стратегик лойиҳадан бири. Бундай ташаббуслар учун паритет молиялаштиришнинг бир хил шарти асосида 150 минг долларгача маблағ ажратилади.

«Стратегик лойиҳа — алоҳида аҳамиятга эга, — дейди Алексей Волков. — У мамлакат бўйлаб татбиқ этилганида муҳим натижалар бериши зарур. Ҳозир бизда иккита ана шундай лойиҳа бор. Биринчиси — сувни тежовчи технологиялар бўйича; бунда биз ана шундай технологияларни бутун мамлакат бўйлаб тарғиб қилишни қўллаб-қувватлаймиз, сабаби бизда ер ресурслари ҳамда фермерлар кўп ва биз кўпроқ сувни тежашимиз лозим. Ушбу технология доирасидаги ҳар қандай иш чексиз кўп сонли „такрорловчиларга“ кенг тарғиб қилинади ва ҳақиқатан ҳам катта миқдордаги сувни тежаш имконини беради».

Мактаб — иккинчи стратегик лойиҳа, чунки натижалар кўнгилдагидек бўлган тақдирда, ҳукумат Боёвут тажрибасини Ўзбекистондаги бошқа 6700 та қишлоқ мактабида ҳам татбиқ этишига умид бор. У ҳолда, лойиҳа жуда кенг миқёсли экологик ва ижтимоий аҳамият касб этади.

Мактаб таъмири ГЭФ КГД Боёвут лойиҳасининг қўшма молиялаштириладиган қисми. Таъмирлаш ишлари 2022 йилда Жаҳон банки маблағлари ҳисобидан Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги томонидан ўтказилган. Алексей Волковнинг сўзларига кўра, таъмирсиз янги иситиш тизимини ўрнатиш маънисиз бўлар эди, чунки дераза ромлари, девор ва томнинг изоляцияси шундай ҳолатда эдики, бундай бинони иситиш кўчани иситишдан фарқ қилмасди.

Қолаверса, мактабда қувурлар ва батареялар алмаштирилди. Бинони ўраб олган 10 та қўлбола печ ўрнига кўмир билан ишловчи марказий қозонхона қайтарилди. ГЭФ КГД уни электр таъминотидаги узилишлар билан боғлиқ вазиятлар учун захира сифатида сақлаб қолиш ниятида. Дарвоқе, насослар ишлаши учун ҳам марказий қозонхона талаб қилинади.

алексей волков, гэф кгд, иқлим ўзгариши, кичик грантлар дастури, мактаблар

Қозонхона.

«[2022−2023 ўқув йилида] электр энергияси доимий равишда узилиб турди, шунинг учун мактабдаги иситиш тизими, ҳатто янги марказий қозонхона ёрдамида ҳам, талаб даражасида ишламади, — дейди Алексей Волков. — Электр энергияси узилган тақдирда кўмир билан ишловчи қозонхонанинг айланма насоси ўчиб қолмаслиги учун биз захира генератор ва янги трансформатор ўрнатамиз, сабаби ҳозир мактаб қишлоқдаги 1250 та хўжаликка хизмат қилувчи ягона трансформаторга уланган ва биз қишлоққа ортиқча юклама қилмоқчи эмасмиз».

Иссиқлик насослари энергияни қайта ишлашда яхши самарадорлик кўрсаткичига эга бўлишига қарамай, улар барибир етарлича кўп электр энергиясини истеъмол қилади. Биттагина мактабни иситиш баҳона уларни қуёш фотоэлектр станцияларида ишлайдиган қилиш қимматга тушади ва мақсадга мувофиқ эмас, дейди Волков.

«Электр энергияси йирик станциялар томонидан ишлаб чиқарилиши лозим. Улар шамолда, қуёшда ёки газда ишлаши ёки атом электр станциялари бўлиши мумкин. Кўлам катта бўлса, муқобил яхши ишлайди. Лойиҳанинг мақсади — муқобилнинг барча ижобий ва салбий томонларини ҳисоблаб чиқиш ҳамда муаммога эътиборни жалб қилишдир. Ҳозир мактаблар даҳшатли даражада совуқ. Энг бирламчи санитария талабларига ҳам риоя қилмаймиз. Бироқ, мактаблар электр энергиясидан узиб қўйилмаслиги учун заводлар каби устувор объектларга айлантирилмас экан, уларда иссиқлик бўлмайди. Болалар қандай қилиб бундай шарт-шароитда билим олишлари мумкин? Ҳеч қанақасига. Агар бугун болаларнинг таълимидаги шарт-шароитларни эътиборсиз қолдирсак, эртага заиф инсон капиталига эга бўламиз. Шундай шароитда мамлакат тараққиёти ҳақида гапириш мумкинми?».

«Газета.uz» таҳририяти вазиятнинг ҳаққоний ёритиб берилганлиги мактаб маъмуриятига босим ўтказиш учун асос бўлиб қолмаслигига умид қилади.