Ўзбекистон ОТМларига жорий йилги кириш имтиҳонларида абитуриентларнинг 49,4 фоизи ўтиш балининг энг қуйи чегараси бўлган 56,7 баллни тўплай олмади. ЎзА бош директорининг биринчи ўринбосари, ҳуқуқшунос ва блогер Хушнудбек Худойбердиев бунга эътибор қаратди.

Маълумотга кўра, жорий йилда 888 минг 472 нафар абитуриент тест синовларида қатнашган. Уларнинг 439 минг 337 нафари (49,4%) 56,7 балл ҳам тўплай олмаган.

абитуриентлар, тест натижалари

Фото: Xushnudbek.uz / Telegram.

«Демак, улар мандат чиқмасидан аввал курашдан чиқди. Чунки 56,7 баллдан кам тўплаганлар квотада жой бўлса ҳам, ўқишга кира олмайди», — дея ёзади блогер.

56,7 дан кўп балл тўплаган абитуриентлар сони 449 минг нафарни (50,6%) ташкил қилган. 2022 йили 51,2% фоиз, яъни 550 минг абитуриент 56,7 балл ҳам тўплай олмаганди.

2023 йилда энг ёмон кўрсаткич Сирдаро вилоятида (54,9%), нисбатан яхшироқ натижа эса худди ўтган йилдагидек Тошкент шаҳрида (40,8%) қайд этилган.

8 та ҳудудда абитуриентларнинг 50 фоиздан кўпроғи 56,7 баллдан паст балл олган.

Бу йилги кириш имтиҳонларида 948 486 нафар абитуриент тест синовида қатнашиши керак эди. Аммо Билимни баҳолаш агентлиги маълумотларига кўра, иши қийматланмаган абитуриентлар сони 59 866 нафарни ташкил этган, яъни шунча номзод синовларда иштирок этмаган. Шунингдек, 148 нафар абитуриент тестдан четлатилган.