Президент Шавкат Мирзиёев 27 августдаги фармони билан бир гуруҳ давлат хизматчилари, ишлаб чиқариш ва ижтимоий-иқтисодий соҳалар ходимларини орден ва медаллар билан тақдирлади. Мукофотлар Ўзбекистон давлат мустақиллигининг 32 йиллиги муносабати билан топширилди.

2021 йилги сайловда иштирок этган ва 2023 йилги муддатидан олдинги президентлик сайловларида Шавкат Мирзиёевни қўллаб-қувватлаб, унда қатнашмаган «Миллий тикланиш» партияси етакчиси Алишер Қодиров «Меҳнат шуҳрати» ордени билан тақдирланди.

Ушбу орден билан Ўзбекистон фуқаролари иқтисодиёт ва маданият юксалишига, халқ фаровонлиги ошишига, тинчлик ва барқарорлик сақланишига хизмат қиладиган улкан ишлари учун мукофотланади. Мукофот учун БҲМнинг 40 баравари (13,2 миллион сўм) миқдорида бир марталик пул мукофоти ва қонун ҳужжатларида белгиланган имтиёзлар назарда тутилган.

2023 йилги сайловда президентликка номзод сифатида кўрсатилган Ўзбекистон Халқ демократик партияси етакчиси Улуғбек Иноятов Ўзбекистонда яшаётган барча миллат ва элатларнинг вакиллари ўртасида дўстлик, ўзаро ҳамжиҳатлик ва тотувликни мустаҳкамлаш ишида эришган катта ютуқлари, Ўзбекистон халқининг бошқа мамлакатлар халқлари билан дўстлик ва ҳар тарафлама ҳамкорлигини ривожлантирганлари учун бериладиган «Дўстлик» ордени билан тақдирланди. Мукофот БҲМнинг 30 баравари (9,9 миллион сўм) миқдорида мукофотни назарда тутади.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенати қўмиталарининг айрим раислари ва аъзолари ҳам мукофотларга сазовор бўлди.

Бундан ташқари, «Меҳнат шуҳрати» ордени билан қуйидагилар тақдирланди:

  • Шуҳрат Арзиев — Uzbekistan GT қурилиш лойиҳаси директори;
  • Рашид Пирматов — «Ўзметкомбинат» бошқаруви раиси;
  • Улуғбек Усмонов Enter Engineering компанияси бош директори.

«Дўстлик» орденини олганлар:

  • Анвар Салямов — «Саноат-энергетика гуруҳи» МЧЖ (SANEG) ижрочи директори, аввал Enter Engineering компаниясида ишлаган;
  • Владимир Филипас — Uzbekistan Airways акциядорлик жамиятининг Uzbekistan Аirways sales филиали директори;
  • Элдар Ишимбаев — Uzinfocom МЧЖ бош директори ўринбосари;
  • Тимур Цой — Самарқанд туризм маркази қурилиш дирекцияси директорининг техник масалалар бўйича ўринбосари;
  • Мухамаджон Собиров — «Хива қурилиш сервис» кичик корхонаси директори.

«Шуҳрат» медали билан қуйидагилар тақдирланди:

  • Шуҳрат Асланов — «Шўртан газ кимё мажмуаси» МЧЖ бош директори;
  • Чарос Камчиева — Фарғона шаҳридаги Safort Konsensus Kommunal профессионал бошқарув компанияси раҳбари;
  • Арсен Каспаров — Avangardnaya Kovka МЧЖнинг ишлаб чиқариш директори;
  • Алишер Ёдгоров — SANEG оғир саноат лойиҳалари дирекцияси директори биринчи ўринбосари;
  • Алишер Якубов — Самарқанд туризм марказининг қурилиш дирекцияси директори.

Саноат соҳаси, қишлоқ хўжалигида фахрий унвонлар қуйидагиларга берилди:

  • Шермат Шамсиев — Муборак газни қайта ишлаш заводи директори;
  • Олег Староверов — ОКМК «Ёшлик-1» конини ўзлаштириш лойиҳаси директори биринчи ўринбосари;
  • Шавкат Шарипов — Zarafshon Textile таъсисчиси;
  • Ибрагим Хамраев — «Мергантекс» пахта-тўқимачилик кластери бош директори;
  • Рустам Каланов — Тошкент шаҳри ҳокимининг жамоатчилик, маҳалла ва нуронийлар масалалари бўйича маслаҳатчиси.

Президент аввалроқ энергетика, нефть-газ ва банк соҳаларида фаолият юритаётган саккиз нафар хорижий инвесторни «Дўстлик» ордени билан тақдирлаганди.