Ўзбекистонда 22 август куни давлат олий таълим муассаса (ОТМ)ларига қабул учун якуний тест натижалари эълон қилинди. Бундан бир ҳафта аввал эса ҳукумат талабаларни ётоқхоналар (талабалар турар жойлари — ТТЖлар)га жойлаштириш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламентини тасдиқлаганди.

Унга кўра, талабалар ётоқхонасига жойлашиш учун йўлланмалар дастлаб имтиёзли (ётоқхонага жойлашишда устуворлиги бор талабалар) рўйхат, сўнг умумий рўйхатдаги навбат бўйича автоматик шакллантирилади. Талабаларнинг қуйидаги тоифаларига ётоқхонага жойлашишда устуворлик берилади:

  • «Меҳрибонлик уйлари» тарбияланувчилари, етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган талабалар;
  • «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри», «Темир дафтар» ва «Аёллар дафтари»га киритилган ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларнинг фарзандлари ҳамда «Ёшлар дафтари»да турадиган талабалар;
  • I ва II гуруҳ ногиронли бўлган талабалар;
  • бир оиладан бакалавриат босқичи кундузги таълим шаклида икки ёки ундан ортиқ тўлов-шартнома асосида ўқиётган оилалар фарзандлари;
  • халқаро фан олимпиадалари, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан ўтказиладиган республика фан олимпиадаларида ғолиб бўлган талабалар;
  • «Йил талабаси» ва «Талабалар театр студиялари» кўрик танловларининг республика босқичи ғолиб бўлган талабалар;
  • ОТМ талабалари ўртасида ўтказилган «Заковат» интеллектуал ўйинининг республика босқичида ғолибликни қўлга киритган талабалар;
  • талабалар турар жойида талабалар кенгаши раиси, қават сардори бўлган талабалар.

Иккинчи ва ундан юқори курс талабаларини ТТЖга жойлаштириш анъанавий тарзда амалга оширилади: бунда ётоқхонага жойлашиш учун ариза ОТМ талабалар турар жойларига жойлаштириш комиссиясига 2023 йил 25 августгача топширилиши керак (келгуси ўқув йилидан аризаларни онлайн топшириш имконияти пайдо бўлади).

Ҳозирча фақат 1-курс талабалари Давлат хизматлари марказлари (ДХМ) ёки Ягона портал (my.gov.uz) орқали бепул электрон ариза бериш йўли билан ТТЖга жойлашиши мумкин. «Газета.uz» 2023 йилда талабаликка тавсия этилган ёшлар учун давлат ОТМларининг ётоқхоналарига жойлашиш бўйича Ягона портал (my.gov.uz) орқали ариза юбориш қўлланмасини тақдим этади.

1-қадам: Тизимга кириш

Дастлаб my.gov.uz порталига кирилади. Ушбу порталда аввал рўйхатдан ўтилган бўлса, экраннинг чап юқори қисмидаги «Кириш», рўйхатдан ўтилмаган бўлса, «Рўйхатдан ўтиш» тугмаси босилади. My.gov.uz портали хизматларидан фойдаланиш учун ОneID тизимида рўйхатдан ўтиш керак, бу тизимда рўйхатдан ўтиш бўйича қўлланма билан бу ерда танишиш мумкин.

ижара уй, талаба, талабалар, талабалар ётоқхонаси, талабалар турар жойи

Аввал рўйхатдан ўтилган бўлса, белгиланган жойга логин ва пароль ёзилиб, «Кириш» тугмаси босилади ва авторизациядан ўтилади. Агар логин ёки пароль унутилган бўлса, «Логин ёки пароль ёдингиздан чиқдими?» ҳаволасини босиб, маълумотларни тиклаб олиш мумкин. Бу ерда OneID тизимдаги логин ва паролни қайта тиклаш бўйича қўлланма мавжуд.

ижара уй, талаба, талабалар, талабалар ётоқхонаси, талабалар турар жойи

Авторизациядан сўнг шахсий кабинетга ўтилади. «Соҳалар» бўлимидан «Таълим» блоки танланади.

ижара уй, талаба, талабалар, талабалар ётоқхонаси, талабалар турар жойи

Навбатдаги ойнанинг қидирувига «Талабалар» калит сўзи ёзилади ва тизим тавсия қилган таклифлар орасидан «Талабалар турар жойига жойлашиш учун ариза юбориш (1-курс талабалари учун)» банди танланади.

ижара уй, талаба, талабалар, талабалар ётоқхонаси, талабалар турар жойи

Хизматдан фойдаланиш учун бирор-бир ҳужжатни тақдим этиш шарт эмас, хизмат бепул ва автоматик тарзда амалга оширилади. Бунинг учун «Хизматдан фойдаланиш» тугмасини босиш керак.

ижара уй, талаба, талабалар, талабалар ётоқхонаси, талабалар турар жойи

Ойнада талабаликка тавсия этилган фуқаронинг шахсий идентификацион рақами (ЖШШИР) автоматик тарзда чиқади. Оммавий оферта билан танишиб чиқиш керак. Унда, жумладан, қуйидагилар кўрсатиб ўтилган:

  1. Аризада кўрсатилган устуворлик/имтиёз бўйича маълумот ахборот тизими базасида аниқланмаса, ушбу устуворлик/имтиёз автоматик равишда бекор қилинади. Бунда белгиланган устуворлик/имтиёз ҳақида нотўғри маълумот берилган деб ҳисобланади ва бу ҳақда ариза берувчига маълумот тақдим этилмайди;
  2. Аризада нотўғри маълумотлар кўрсатилган бўлса, уларни бартараф этиш учун ариза берувчи томонидан ариза бекор қилинади ва қайтадан янги ариза юбориши талаб этилади.
  3. Ариза берувчи давлат хизматларидан фойдаланишдан уни кўрсатишнинг ҳар қандай босқичида бош тортиш ҳуқуқига эга.
  4. Ариза берувчи давлат хизматидан фойдаланишда аризани бекор қилганда, унинг аризаси кўрмасдан қолдирилади ва навбатдан чиқарилади. Бунда навбатга туриш ҳақидаги хабарнома ёки йўлланма сўровнома билан биргаликда бекор қилинади.
  5. Аризачи йўлланма шакллангани ҳақидаги хабарномани Ягона порталдаги шахсий кабинети орқали ва телефон рақамига юборилган SMS орқали олади.
  6. Талабани ТТЖга жойлаштириш ОТМ ва ариза берувчи ўртасида шартнома тузиш орқали расмийлаштирилади.

Ариза берувчи йўлланма шакллангандан сўнг 10 иш куни мобайнида ОТМ билан шартнома тузмаса ёки ТТЖ учун дастлабки ойлик тўловни тўламаган тақдирда, йўлланма бекор қилинади.

«Кейингиси» тугмасини босиш орқали Оммавий оферта талаблари қабул қилинади ва иккинчи қадам — «Аризачи ҳақида маълумот» қисмига ўтилади.

2-қадам: Аризачи ҳақида маълумот

ижара уй, талаба, талабалар, талабалар ётоқхонаси, талабалар турар жойи

Ушбу ойнада аризачининг исм-фамилияси, рўйхатдан ўтган манзили ва қабул қилинган таълим муассасаси базавий маълумотлардан келиб чиқиб автоматик пайдо бўлади. «Доимий рўйхатдан ўтган ҳудуд», «Доимий рўйхатдан ўтган туман» маълумотлари киритилгач, «Таълим шартнома асосида ўқиётган ака-ука ва опа-синглингиз мавжудми ёки ота-онангиз «Темир дафтар», «Аёллар дафтари»да рўйхатда турадими?» деган саволга жавоб бериш керак. Агар йўқ бўлса, шу номдаги вариант белгиланиб, «Юбориш» тугмаси босилади.

ижара уй, талаба, талабалар, талабалар ётоқхонаси, талабалар турар жойи

Агар кўрсатилган саволга «Ҳа» жавоби белгиланса, сўралган ижтимоий тоифа билан ариза берувчининг қариндошлик даражаси, қариндошининг ЖШШИР маълумотлари, имтиёзлардан бири танланади ва «Юбориш» тугмаси босилади.

ижара уй, талаба, талабалар, талабалар ётоқхонаси, талабалар турар жойи

Шундан сўнг тўлдирилган барча маълумотлар бир ойнада пайдо бўлади. Хатоликларнинг олдини олиш учун маълумотларни юборишдан аввал яна бир бор текшириб кўриш лозим. Бирор хатолик аниқланса, «Орқага», бўлмаса, «Юбориш» тугмаси босилади.

ижара уй, талаба, талабалар, талабалар ётоқхонаси, талабалар турар жойи

Якунда «Амаллар хронологияси» пайдо бўлади. Уни PDF форматда юклаб олиш ҳам мумкин. Ариза ҳолати тўғрисидаги маълумотлар зарғалдоқ рангдаги катакчада янгиланиб туради (масалан, қуйидаги скриншотдаги аризанинг ҳолати — янги).

ижара уй, талаба, талабалар, талабалар ётоқхонаси, талабалар турар жойи

Ариза ҳолатини текшириш

Бунинг учун ариза топшириш жараёнидаги дастлабки бир нечта ҳаракатлар такрорланади. Логин ва паролни киритиб, My.gov.uz порталидаги шахсий кабинетга кириш керак. Авторизациядан сўнг портал саҳифаларининг юқори қисмида «Фойдаланувчи менюси» пайдо бўлади — у ердан «Менинг аризаларим» бандини танлаш керак.

ижара уй, талаба, талабалар, талабалар ётоқхонаси, талабалар турар жойи

«Менинг аризаларим» саҳифасида берилган аризаларнинг ҳолатини кўриш мумкин. Масалан, қуйидаги скриншотда 1-курс талабасининг ётоқхонага жойлашиш бўйича аризасининг ҳолати — «Жараёнда».

ижара уй, талаба, талабалар, талабалар ётоқхонаси, талабалар турар жойи

Талабалар турар жойига навбатни текшириш

Ягона порталдаги ушбу хизмат 30 августдан сўнг — аризалар топшириш жараёни якунлангач ишга тушади. Мазкур хизмат орқали ариза берувчилар талабалар турар жойидаги навбатларини текшириб туриши мумкин.

Бунинг учун яна My.gov.uz порталига кириб, авторизациядан ўтилади. Шахсий кабинетда «Таълим» бўлими танланади. Очилган саҳифанинг қидирув қисмига «талабалар» калит сўзи киритилади ва қидирув тизими таклиф қилган хизматлар орасидан «Талабалар турар жойига навбатни текшириш (1-курс талабалари учун)» танланади.

ижара уй, талаба, талабалар, талабалар ётоқхонаси, талабалар турар жойи

Ойнанинг пастки қисмида хизматдан фойдаланиш статистикаси билан танишиш мумкин. Масалан, 23 август соат 23:22 ҳолатига кўра, 1745 та ариза топширилган. Хизматдан фойдаланиш учун юқори чап тарафдаги «Хизматдан фойдаланиш» тугмаси босилади.

ижара уй, талаба, талабалар, талабалар ётоқхонаси, талабалар турар жойи
Ушбу ойнада ариза берувчининг шахсий идентификацион рақами (ЖШШИР) автоматик тарзда чиқади. Тўлдирилиши мажбурий бўлган ҳимоя коди қаторидаги арифметик амални бажариб, «Текшириш» тугмаси босилади.

ижара уй, талаба, талабалар, талабалар ётоқхонаси, талабалар турар жойи

Ушбу текширув 23 августда, яъни ҳали аризалар қабул қилиш якунмаган вақтда амалга оширилгани учун ойнада «Ушбу сўров учун навбат шаклланмаган» ёзуви пайдо бўлди.

Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигидан «Газета.uz»га маълум қилишларича, 30 августдан сўнг «Текшириш» тугмаси босилгач, ушбу қисмда бирор рақам чиқса, бу ариза берувчининг аризаси қабул қилинганини англатади ва кўрсатилган рақам у қабул қилинган ОТМдаги имтиёз категориясидан келиб чиққан ҳолда унинг навбати нечанчи эканини кўрсатади.

Масалан, тизим ариза берувчига 350-рақамини кўрсатса, демак, ундан юқорида турган 349 киши ётоқхона билан таъминланиши билан 350-ўриндаги талаба билан Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ходимлари алоқага чиқади, керакли маълумотларни тақдим этади, турар жой бўйича келишувларни тушунтиради.

Аризаларнинг кўриб чиқилиши

Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги «Ёшлар сиёсати маърифий ва тарбиявий ишлар» бўлими бошлиғи Салоҳиддин Салоҳовнинг «Газета.uz»га маълум қилишича, ариза топшириш 30 августгача давом этади, аризалар ҳақидаги маълумотлар 4 сентябргача базага юкланади.

«Тизим биринчи марта қўлланаётгани боис ҳозир ўзимиз учун ҳам синов. Балки 30 августдаёқ жавоб қайтарилар ёки яна бир-икки кунга чўзилар. Лекин аризалар қабул қилинган-қилинмагани 4 сентябргача аниқ бўлади. Даъвогарларга SMS хабарномалар жўнатилади, қолаверса, ариза берувчилар Ягона порталдаги шахсий кабинетлари орқали ҳам бу ҳақда билиб олишлари мумкин», — дейди мутахассис.

Унинг таъкидлашича, талабаларни ётоқхона билан таъминлаш икки босқичли танлов асосида амалга оширилади. Вазирлик 22 августда талабаликка тавсия этилган барчага ётоқхона учун аризани 30 августга қадар My.gov.uz портали орқали онлайн ёки ДХМда топшириш кераклиги ҳақида SMS хабарнома юборган. Бу муддатда барча имтиёзли тоифаларнинг аризалари устуворлик бўйича кўриб чиқилиб, автоматик равишда қабул қилинади ва шу билан танловнинг биринчи босқичи якунланади.

«Ҳамма ҳам улгурмаслиги мумкин: кимдадир интернетдан, кимдадир телефондан муаммо бўлса, яна бошқа биров кўриш имконияти чеклангани учун бундай қурилмалардан умуман фойдаланолмаслиги мумкин. Кимлардир шунчаки ариза бериш кераклигидан бехабар қолади, SMSни ўқимайди. Сентябрда Давлат комиссияси қарори билан ўқишга қабул қилинадиган алоҳида тоифалар, контракт пулини тўланмагунча буйруғи чиқмайдиганлар учун танловнинг иккинчи босқичи амалга оширилади. Шундан кейин кимдир контрактини тўламаслиги, кимдир бошқа жойга кўчиб кетиши, кимдир ижарага чиқиб кетиши ортидан бўшайдиган ўринлар яна танловга қўйилаверади. Биз аризаларни топшириш санаси кетма-кетлигига мувофиқ яна қабул қилаверамиз. Талабалардан ётоқхона учун ариза қабул қилиш йил бўйи тўхтамайди», — дейди Салоҳов.

Мутахассиснинг қайд этишича, иккинчи ва ундан юқори курсларнинг яшаш жойи масаласи ҳал қилинган. Ариза топширишда кечиккан ёки берган аризасининг жавоби ҳали чиқмаган, ётоқхонадан жой берилиши номаълум бўлган, борадиган жойи аниқ бўлмаган, ўқишнинг биринчи кунидан тўғри ОТМга келган талабаларга ижара уйлари тавсия этилади.

«Шунда ҳам: „Йўқ, мен ётоқхонада қолишим керак“, деб туриб оладиган талабалар учун ОТМларда яна қўшимча жойлар тайёрлаб қўйилган. Улар ариза жавоблари чиққунча бир-икки кунга ўша жойларга жойлашиб туриши мумкин. Аризалар жавоби чиққач, агар ариза бўйича ётоқхонадан жой ажратилган бўлса — қолади, йўқса, иложи йўқ, ижара уйи таклиф қиламиз», — дея қўшимча қилди вазирлик вакили.