«Юксалиш» умуммиллий ҳаракати раҳбари Бобур Бекмуродов ЙҲХБ ходимларини чорраҳаларда тадбиркорлар томонидан ўрнатилган йўл ҳаракати қоидабузарликларини қайд қилувчи камералар билан боғлиқ вазият юзасидан шошилинч чоралар кўришга чақирди.

«Газета.uz» Тошкентда ҳайдовчилар чорраҳалар олдига нотўғри жойлаштирилган машиналар туфайли йўл ҳаракати қоидаларини бузишга мажбур бўлаётгани ҳақида ёзганди. Ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари буни қасддан амалга оширилаётганини айтмоқда.

Бобур Бекмуродовнинг сўзларига кўра, сўнгги ҳафталардаги қайдномаларни тафтиш қилиш ва ҳуқуқий баҳо бериш чораларини кўриш керак. Тафтиш натижасида «ноинсоф тадбиркорлик йўли билан» ундирилган жарималар аниқланган тақдирда, уларни бекор қилиш ва ҳайдовчиларга тўловларни тадбиркорлар ҳисобидан қайтариш лозим.

Тадбиркорлик субъектларининг назорат камералари орқали қайд қилинаётган жарималарни назорат тартибида доимий текшириш амалиётини жорий қилиш зарур.

«Фуқароларнинг адолатсиз жарималар устидан шикоят қилишдаги оворагарчиликдан асраш мақсадида қайдномаларга онлайн шикоят бериш имкониятини яратиш керак», — деб ҳисоблайди «Юксалиш» раҳбари.

Бундан ташқари, у радар ўрнатилгани тўғрисидаги белгилар ёнида чекланган тезликни акс эттирувчи белгиларни ўрнатишни мажбурий қилишни таклиф этди.

«Бу борадаги фаолият юзасидан жамоатчиликка мунтазам равишда ахборот бериб бориш амалиётини йўлга қўйиш мақсадга мувофиқ деб ҳисоблаймиз», — дейди Бобур Бекмуродов.

Муаммоли чорраҳалардан бири жойлашган Мирзо Улуғбек тумани ҳокимлиги ва Ички ишлар вазирлиги ЙҲХБ ходимлари бир кун аввал вазиятни ўрганиб, батафсил маълумот беришларини айтганди.