Тошкентда ҳайдовчилар чорраҳалар олдида тўхтаб турган автомобиллар туфайли йўл ҳаракати қоидаларини «бузганлик» учун чорраҳалардаги камераларда ёзиб олинган жарималардан норози.

Kurbanoff.net блоги муаллифи томонидан бир нечта ҳолатлар бўйича хабар берилган. «Автострада» сайти ҳам шу ҳақда ёзмоқда ва чорраҳалардаги вазиятларни «тузоқ» деб атади.

Ана шундай жойлардан бири — М1 массивидаги Ўзбекистон овози ва Шастри (Содиқ Азимов) кўчаларининг кесишган жойи, бу ерда кўплаб «қоидабузарликлар» содир этилган.

Ўзбекистон овозидан Содиқ Азимовга ўнгга бурилишда ҳайдовчилар (асосан, курьерлар) деярли доим машиналарни чорраҳага жуда яқин жойга қўяди, бу эса бурилаётганларни биринчи чизиққа ўтиши учун узлуксиз чизиқни кесиб ўтишга мажбур қилади.

Шастридан Ўзбекистон овозига ўнгга бурилишда ҳам худди шундай ҳолат. Бу ерда тўхташ жойи нотўғри ташкил этилган — тўхтаб турган машиналар орқага қараб чиқиб кетади, бу эса қоидаларни бузмасдан чизиққа чиқишни қийинлаштиради.

тошкент, йҳх

Мунтазам навбатчилик қиладиган йўл ҳаракати хавфсизлик хизмати ходимлари бу муаммодан бехабар бўлиши мумкин бўлмаса-да, уларга эътибор бермайди. Туман ҳокимлиги ҳам ҳеч қандай чора кўрмайди. Айни пайтда, муаммони тўхташ жойларини қайта ташкил этиш, белгилар, устунлар ўрнатиш, тақиқловчи белгилар орқали ҳал қилса бўлади.

Ўзбекистон овози кўчаси анча вақтдан буён ўз-ўзидан пайдо бўладиган улкан автотураргоҳга айланган, бу эрда давлат органларининг аралашувисиз ноқонуний тўхташ жойлари йиллар давомида «бошқарилиб келинмоқда».

Йўл ҳаракати қоидалари бузилиши кўпроқ қўшни чорраҳаларда (Экопарк ва «Бибигон» кафеси ёнида) содир бўлса-да, бироқ ЙҲХХ ходимлари муҳокама қилинаётган чорраҳадан унча узоқ бўлмаган Содиқ Азимов кўчасида туришни афзал кўради.

Ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари чорраҳаларнинг олдидаги йўлак ҳайдовчиларга кўпроқ жарима солиниши учун атайлаб тўсиб қўйилаётган бўлиши мумкинлигини тахмин қилмоқда. Айни пайтда буни тасдиқлашнинг ҳеч қандай имкони йўқ.

«Мен «бизнесменлар»нинг бундай «тузоқ»ларига қаршиман. Мақсад қонунбузарликларнинг олдини олиш, уларга имконият яратиш эмас», — деб ёзади Kurbanoff.net блоги муаллифи.

«Газета.uz» Ўзбекистон ИИВ ЙҲХХ ва Мирзо Улуғбек тумани ҳокимлиги матбуот хизматларига изоҳ сўраб мурожаат қилди.

ЙҲХХ матбуот хизмати ушбу масала бўйича батафсил жавоб тайёрланаётганини маълум қилди.

Туман ҳокимлиги ушбу ҳолат юзасидан пойтахт ИИББ ЙҲХБ ходимлари билан биргаликда суриштирув ишларини бошлаганини қайд этди.

Белгиланган жарималар бекор қилинадими ёки жаримани тўлаб бўлган ҳайдовчиларга пул қайтариладими — бу ҳозирча номаълум.