Жанубий Африка Республикасида бўлиб ўтаётган саммит якунлари бўйича БРИКС иттифоқига яна олтита давлат қўшилади, бу ҳақда «Коммерсантъ» хабар берди. ЖАР президенти Сирил Рамафоса бу мамлакатлар иттифоққа қўшилиш учун таклиф этилганини тасдиқлади.

Cаммит якуний ҳужжати лойиҳасига кўра, бу мамлакатлар Аргентина, Миср, Эфиопия, Эрон, Саудия Арабистони ва БАА ҳисобланади. Улар 2024 йил 1 январдан ташкилотнинг тўлақонли аъзосига айланади. Иттифоққа қабул қилинадиган давлатлар географик асосда танлаб олингани айтилган. Бундан ташқари, Аргентина ва Саудия Арабистонининг G20 («Катта йигирмалик») аъзоси экани ҳам ҳисобга олинган.

Ҳозирда БРИКС бешта давлатдан — Бразилия, Россия, Ҳиндистон, Хитой ва ЖАРдан иборат. БРИКСга аъзо бўлиш учун 23 та давлат томонидан ариза берилган.

БРИКС (инглизча BRICS — юқорида саналган аъзо давлатлар номларининг бош ҳарфлари) 2006 йил июнь ойида Бразилия, Россия, Ҳиндистон, Хитой иқтисодиёт вазирлари иштирокида Санкт-Петербург иқтисодий форуми доирасида ташкил этилган. Шундан сўнг унга ҳозиргача фақат бир давлат — Жанубий Африка Республикаси (2010 йилда) қўшилган.

Ҳозирги саммит БРИКСнинг 15-саммити ҳисобланади. Унда иттифоқдаги давлатлар раҳбарлари (Владимир Путиндан ташқари) пандемиядан кейин биринчи марта шахсан учрашди. 10 йил ичида биринчи марта блокни кенгайтириш масаласи саммит кун тартибига қўйилган. Иккинчи асосий мавзу альянс аъзолари ўртасидаги ҳисоб-китоблар учун ягона тўлов воситасини жорий этиш ҳисобланади.

Саммитда Россия номидан мамлакат ташқи ишлар вазири Сергей Лавров иштирок эди, Владимир Путин эса видеоалоқа орқали қатнашди. Путин Халқаро жиноий суд томонидан ҳибсга олиниши учун чиқарилган ордер туфайли Жанубий Африка Республикаси пойтахтига бормади.